Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Спорт 02/08/2023 Президент ёш футболчилар ва соҳа мутахассислари билан фикр алмашди
Президент ёш футболчилар ва соҳа мутахассислари билан фикр алмашди

Президент ёш футболчилар ва соҳа мутахассислари билан фикр алмашди

Давлатимиз раҳбари Юқори Чирчиқ туманида барпо этилётган Футбол бўйича миллий терма жамоалар марказини бориб кўрди.

Бу марказ Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Ҳозирда 8 минг ўринли стадион қурилган. Яна 7 та машғулот майдони, пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн, реабилитация мажмуаси ва ётоқхоналар қурилиши режалаштирилган.

Соҳа мутасаддилари билан суҳбатда миллий футболимизга хориждан малакали техник директор олиб келиш, футбол тузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган ва Тошкентда минтақавий базалар ташкил қилиш, мураббийлар мактабини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Президент ёшлар орасида футболни янада оммалаштириш, уларга шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

- Ўзбекистонда футбол энг севимли спорт тури. Ҳар ўнта одамдан тўққизтаси унинг мухлиси деса бўлади. Бу оммавийликдан фойдаланиб, футболни тубдан ривожлантириш керак. Масалан, юртимизда 10 мингта мактаб бор, 208 та туман-шаҳар бор. Хўш, мактаб, маҳалла, жамоаларда футбол қандай бўлади? Иккинчидан, футболга меҳр қўйган болалар ўз йўлини топиши учун нима қилишимиз керак? Учинчидан, ёшлар футболдан кетгандан кейин нима билан шуғулланади, уларга қўшимча касб-ҳунар беришни ҳам ўйлаш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ёш футболчилар билан ҳам суҳбатлашди.

- Халқимизнинг спортга меҳри кучли. Айниқса, футбол «оилавий дўстимиз». Миллий терма жамоамиз ўйинларини ҳаммамиз ғурур, фахр, ҳаяжон билан кузатамиз. Сизлар оилада ота-онангизнинг фарзанди бўлганингиз билан майдонда халқимизнинг фарзандисизлар. Ана шуни доим ёдда тутинг, - деди Президент.

Футболчиларда Ватан туйғусини шакллантириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.

- Футболчилар дунё кезади, чет эл жамоаларида ўйнайди. Улар Ўзбекистон тарихини, шароитларини яхши билиши керак. Улар бизнинг элчиларимиз, болаларга намуна, - дея таъкидлади давлат раҳбари.

Футбол тиббиёти ва реабилитациясини жаҳон ютуқлари асосида ривожлантириш масалалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг