Мазкур тизимнинг асоси бўлган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди. Президент виртуал қабулхонасига ўтган қисқа даврда 1 миллион 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
Бу, бир томондан, халқимизнинг давлат ҳокимиятига ва қонун устуворлигига бўлган ишончи тобора ошиб бораётганидан далолат бўлса, иккинчи томондан, жамиятимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари самарали татбиқ этилаётгани, халқимизнинг улардан фойдаланиш даражаси юксалиб бораётгани, одамлар яратилган имконият ва қулайликлардан ўз кундалик ҳаётида тўғри ва мақсадли фойдалана олаётганини кўрсатмоқда.
Албатта, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Айниқса, ахборот ва коммуникация технологиялари тез суръатлар билан ривожланиб бораётган бугунги шиддатли даврда кўзланган мақсадларга эришиш йўлида илм-фан ва техника ютуқларидан кенг фойдаланиш аҳолига янги ва қўшимча қулайликларни яратиш имконини беради. Шу маънода, ўтган даврда мурожаатлар билан ишлаш тизимида тўпланган катта тажриба ва ўтказилган чуқур таҳлиллар, фуқароларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда виртуал қабулхона дастурий тизимини янада такомиллаштириш устида иш олиб борилди. Бинобарин, 2017 йил 11 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунида ҳам мурожаатчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш кўзда тутилган эди.
Шулар асосида Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишлаб чиқилди ва 1 февраль куни тест режимида ишга туширилди. Сайт манзили ўзгармаган – pm.gov.uz. Бунда «pm» қисқартмаси – «Президентга мурожаат» тарзида талқин қилинади.
Мурожаат юбориш шакли ҳам ўзгармаган: мурожаатларни 0-800-210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш, pm.gov.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириш орқали ёхуд Халқ қабулхоналарига ташриф буюриб юбориш мумкин.
Виртуал қабулхонанинг такомиллаштирилган талқинида жорий қилинган асосий янгиликлар ҳақида кейинги материалларда маълум қилинади. ЎзА сайтидан олинди.