Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорлик таъминланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган ЎзЛиДеП партияси сессиясида нутқ сўзлади.
Президентга кўра, 2023 йил охирига келиб инфляция даражаси 5 фоизгача пасаяди. Давлат бюджети тақчиллиги ЯИМнинг 2,5 фоизидан ошмайди.
Мамлакат аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳар йили 1,5-2 трлн. сўм соҳадаги энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтирилади.
Янги жалб қилинган ташқи қарзнинг йиллик ҳажми 5 миллиард доллардан ошмайди, умумий давлат қарзи ЯИМнинг 50-60 фоизидан ошмайди, деди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, келгуси беш йил ичида 120 миллиард доллар, шу жумладан, камида 70 миллиард долларлик хорижий сармоя жалб қилинади.
Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар ошади ва 2026 йилда 30 миллиард долларга етади. Хомашёнинг экспортдаги улуши ҳозирги 46% дан 23% гача камаяди ва тайёр маҳсулот ҳажми 2,5 баробар ошади.