Валюта курслари 21/08/2025
$1 – 12466.44
UZS – -0.47%
€1 – 14517.17
UZS – -0.77%
₽1 – 155.42
UZS – -0.35%
Қидириш
Иқтисод 20/08/2025 Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда: Янги Тошкент бизнес ва инновациялар марказига айланади

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда: Янги Тошкент бизнес ва инновациялар марказига айланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.

“Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – сизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир”, - деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Бугунги тадбир шунчаки анжуман эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони экани таъкидланди.

“Ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади.

Шу боис, бугун сизларни эшитамиз. Сизнинг овозингиз орқали ҳал қилинадиган масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларга аниқ ечимлар ҳақида келишиб оламиз”, - деди Президент.

Президентимиз ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ тадбиркорлар билан ҳамфикр бўлиб, иқтисоди қудратли, саноати рақобатбардош, молиявий тизими барқарор, барча соҳалари инвесторлар учун жозибадор бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилганини қайд этди.

Ўтган саккиз йилда иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилди. Бу даврда 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя.

“Бир қарашда айтишга осон ушбу рақамни олдинлари ҳисоб-китоб қилиш тугул, тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Лекин биз буни уддаладик”, - деди Президентимиз.

Турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда прагматик ва проактив сиёсат туфайли биринчи ярим йилликда иқтисодиётимиз 7,2 фоизга ўсгани таъкидланди.

Ўтган даврда минглаб микро ва кичик корхоналар қисқа муддат ичида яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, катта-катта компаниялар билан рақобат қила бошлади.

Масалан, 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона йирик бизнес сафига қўшилди.

Ўтган йили айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 203 та корхона бор эди. Бу йилнинг ўтган олти ойида уларга қўшимча яна 47 та корхона 400-500 миллиард сўмлик маррани забт этди.

Бизнесни соядан чиқариш бўйича янги механизмлар кўпайтирилгани ҳисобига 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга ёки 4,6 триллион сўмга оширди.

Ўтган йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 5 миллион сўмга яқинлашди.

Анъанага кўра, бу йил ҳам кичик бизнес вакилларидан тортиб йирик корхоналар раҳбарларигача – энг илғор ва фидойи тадбиркорлардан 49 нафари давлат мукофотлари, 112 нафари эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида илми билан бизнесни ривожига катта ҳисса қўшаётган олимлар ҳам бор.

Ўтган бир йилда яна 52 нафар ишбилармон тадбиркорлар, миришкор деҳқон ва фермерлар, ташаббускор инвесторлар орден ва медаллар соҳибига айланди.

“Айниқса, ҳомийлик қилиб боғча ва мактаб, шифохоналар қураётган, эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашаётган, ёшларни қўллаб-қувватлаётган саховатпеша тадбиркорларимиз кўпайиб бораётгани бизни қувонтиради.

Ўғил-қизларимизни спортга жалб қилиш учун катта-катта шароит қилиб бераётган, уларнинг жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинлари, бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда юқори чўққиларни забт этишига кўмаклашаётган бизнес вакиллари юртимизнинг чинакам фидойиларидир”, - деди Президент.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бутун республиканинг бизнес вакилларига ўзининг чуқур ва самимий миннатдорлигини изҳор қилди ва байрам билан табриклади.

Илк очиқ мулоқотдан буён шу кунгача тадбиркорларнинг 1 мингга яқин ташаббуси қонунчиликда ўз аксини топди. Бунинг натижаларини нафақат тадбиркорлар, балки бутун аҳоли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу галги учрашув улкан бунёдкорлик ишлари бошланган Янги Тошкентда ўтаётганида рамзий маъно борлигини таъкидлади.

“Ушбу мегалойиҳа ислоҳотларимиз ҳаётда қандай акс этаётганининг яққол исботи, янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги дадил қадамларимизнинг ёрқин тимсоли бўлади.

Сиз тадбиркорлар учун Янги Тошкент – янги имкониятлар, янги ғоялар ва янги бозорлар майдонига, инновациялар ва инвестициялар марказига айланади.

Бу ердаги тўлиқ “яшил” технологияларга асосланган энг замонавий инфратузилма сизларнинг янги-янги ғоя ва ташаббусларингиз учун хизмат қилади.

Шуни билингки, Янги Тошкент дарвозалари бизнес қиламан, деган барча тадбиркорлар учун ҳамиша очиқ бўлади”, - деди Президентимиз.

Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказилди. “Колл-марказ” орқали ҳам 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушди.

Ҳозирги мураккаб шароитда ҳар бир кун муҳимлигини инобатга олиб, очиқ мулоқотни кутиб ўтирмасдан, мева-сабзавот экспорти ва тўқимачиликда тўпланиб қолган муаммоларга ечим топиб берилди.

Ўтган ҳафтада бизнесни “соядан” чиқаришни рағбатлантириш бўйича ҳам тадбиркорларга янада қулай шароитларни назарда тутган катта янгиликлар эълон қилинди.

Жумладан, ишини кичик лойиҳадан бошлаб, бизнесда тажриба ва малака тўплаган якка тартибдаги тадбиркорларга кўмак бериб, уларни 50-100 нафар одам ишлайдиган бақувват корхоналар соҳибига айлантириш мақсадида ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йилгача махсус ҳуқуқий режим жорий этилди.

Энди бундай тадбиркорлар учун рўйхатдан ўтишдан тортиб ҳисобот топширишгача бўлган барча хизматларни жамлаган рақамли платформалар яратилади. Бунда тадбиркорлар керакли ҳужжатларни масофавий биометрия ва “СМС хабарнома” орқали электрон калитсиз имзолаши мумкин. Ишчиларга электрон ҳамён орқали “кунбай”, “соатбай” маош тўлаш имконияти яратилади.

Мамлакатимизда 40 дан зиёд электрон тўлов ташкилотлари мавжуд бўлиб, аҳолимиз ўзига қулай мобиль иловадан фойдаланмоқда.

Энди 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун барча мобиль тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал QR-код берилади.

Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган барча тадбиркорлар келаси йил 1 январдан бир хил, яъни айланмадан 1 фоиз солиқ тўлашга ўтказилади.

Масалан, ҳозир айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тадбиркор йиллик 12 миллион сўмгача қатъий солиқ ўрнига кўпи билан 1 миллион сўм тўлайди. Ёки айланмаси 100 миллиондан 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркор айланмадан илгари 30-40 миллион сўм солиқ тўлаган бўлса, энди унинг солиқ юки 3-4 карра камаяди.

“Умуман, яратилаётган шароитлар орқали якка тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 триллион сўм, тасаввур қилаяпсизларми, 1 триллион сўм қолаяпти. Бу – кичик бизнес учун қўшимча ресурс, якка тадбиркорлар ўз бизнесини кейинги босқичга олиб чиқиши учун яна бир имконият”, - деди Президент.

Ўтган ҳафта 200 дан ортиқ тўқимачилик корхоналари вакиллари билан учрашилиб, соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича 7 триллион сўмлик ташаббуслар эълон қилинди.

Тез кунларда тўқимачиликда “ишончли экспортчи” дастури бошланиб, экспорт олди молиялаш тизими йўлга қўйилади ва бунинг учун 200 миллион доллар йўналтирилади.

Бу электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, фармацевтика каби экспорт салоҳияти юқори, лекин имкониятлари тўлиқ ишга солинмаган соҳалар учун ҳам жорий этилади.

Ушбу соҳалардаги тадбиркорларни айланма маблағи учун 500 миллион доллар берилади.

Ҳар бир тармоқнинг сифати кафолатланган, рақобатдош 10 тадан маҳсулотига “Ўзбекистон рамзи” сифат белгисини бериб, уларни дунёга танитиш учун катта тарғибот кампанияси бошланади.

Пойтахт ва вилоят марказларидаги корхоналарини меҳнат ресурси, бўш ери кўп туманларга кўчирмоқчи бўлган текстил соҳасидаги тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредит берилади. Президент ишчи кучи кўп талаб қиладиган бошқа тармоқ корхоналари ҳам бундай ташаббус билан чиқса, уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди.

Арзон хомашё билан таъминлаш мақсадида 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газламани божхона божидан озод этилмоқда. Лекин бундай муаммо саноатнинг бошқа соҳаларида ҳам бор.

Жаҳон банки экспертлари ҳам тариф сиёсати ишлаб чиқаришни рағбатлантириши кераклигини айтмоқда.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида барча соҳалардаги тадбиркорлардан бу йўналишда 130 та мурожаат келиб тушган.

Давлатимиз раҳбари Бош вазирнинг иқтисодиёт ва инвестицияга масъул ўринбосарларига 1 ноябрга қадар ҳар бир тармоқ, ҳудудий корхоналар талабини ўрганиб, бошқа хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқишни топширди.

Эндиликда импорт жараёнида мувофиқлик сертификатлари ҳар бир партияга эмас, шартномада кўрсатилган ҳажм учун берилади.

Айрим минтақалардаги нотинчликлар оқибатида ташқи бозорлардаги тебранишлар, логистикадаги узилишлар экспорт тушумларининг кечикишига олиб келмоқда.

Бундай шароитда ўзи шундоқ ҳам пули тушмаётган тадбиркорлар муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарима тўлаяпти.

Бу масалани жуда кўп тўқимачилик корхоналари ва мева-сабзавот экспортчилари кўтариб, енгиллик сўради.

Давлатимиз раҳбари муаммонинг ечимини айтди – эндиликда давлат улуши бўлмаган корхоналарга экспортда муддати ўтган қарздорлик учун жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик мораторий эълон қилинади.

Ҳудудларда саноат инфратузилмасини яхшилашга бу йил 1,7 триллион сўм ажратилди.

Келгуси йилда бу харажатлар 25 фоизга оширилиб, 2,1 триллион сўмга етказилади.

Бундан ташқари, пойтахтда тадбиркорлар сони кундан-кунга ошиб бораётганини инобатга олиб, электр тармоқларини яхшилаш учун яна 2 триллион сўм берилади.

Иқтисодиёт барқарор ўсгани сари янги инфратузилмага талаб ортиб бораверади.

Корхонасига ташқи инфратузилмани ўз ҳисобидан қилаётган тадбиркорлар кўпаймоқда. Энди уларнинг бу харажати фойда солиғи базасидан чегириб ташланади.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам мутлақо янги ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг барчаси бугунданоқ кучга киради.

Жумладан, қисқа муддатда ва тез даромад берадиган иш ўринлари яратишда энг самарадор йўналишлардан бири бўлган хизматлар соҳаси жадал ривожлантирилади.

Йил бошидан юртимизга 7 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди, 15 миллион аҳоли мамлакат бўйлаб ички саёҳатга чиқди. Келаси 3-4 йилда хорижий туристларнинг йиллик оқими камида 15 миллионга етади.

Шу боис туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур бошланади.

Келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил қилиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради.

Тадбиркорлар 10 йил ичида исталган пайтда бу улушни қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор ер қийматини бошида тўлайман деса, 20 фоиз чегирма берилади.

Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан вилоятлар маркази ва туризмга ихтисослашган 36 та туманда – 30 миллиард сўмгача, бошқа ҳудудларда эса 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.

Кўп тадбиркорлар давлат объектлари ва хусусий биноларни сотиб олиб, меҳмонхонага айлантираяпти. Энди янги меҳмонхона учун кўзда тутилган субсидия уларга ҳам берилади.

Ҳозир меҳмонхона эгалари ҳар бир турист учун кунига 62 минг сўмгача туристик йиғим тўлаб беришга мажбур. Эндиликда Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик туристик ҳудудлардан ташқари бирорта жойдаги меҳмонхона бу йиғимни тўламайди.

Амалдаги тартибга кўра, оилавий меҳмон уйлари туристларни қабул қилиши бўйича кунлик меъёр 10 нафардан ошмаслиги белгиланган. Энди бу чеклов 2 каррага кўпайтирилади.

Президентимиз маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказишни таклиф қилди.

Танловнинг мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлади, сайёҳлар эътиборини қозонган, нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф олган меҳмонхоналар ҳар йили тақдирланади.

Қайси ҳудудда инфратузилма яхши бўлса, ўша жой тадбиркорларни ўзига тортади, сервис гуркираб ривожланади.

Шу боис, инфратузилма олиб бориш орқали йирик туристик масканлари кўпайтирилади. Чортоқнинг Қорабоғ маҳалласи, Фарғонанинг Чимёни, Бойсундаги Омонхона, Нурободдаги Нурбулоқ шаҳарчасида мастер-режа асосида “йил 12 ой” хизмат кўрсатадиган 300-500 гектарли йирик курорт зоналари ташкил этилади.

Бу лойиҳалар инфратузилмаси учун 150 миллион доллар берилади.

Ўн олтита туманни жадал ривожлантиришга бу йил жами 1,1 триллион сўм ажратилди. Бундай ёндашувларни Жаҳон банки ҳам эътироф этиб, 250 миллион доллар бермоқда.

Келгуси йилда яна 500 миллион доллар ҳисобига 30 та туманда шундай ишлар амалга оширилади. Бу саноат, сервис, қурилиш соҳаларидаги тадбиркорларга катта имконият, юз минглаб иш ўринлари яратиш учун шароит бўлади.

Бизнес вакилларида қўшимча жой олишга эҳтиёж бор. Лекин ижара нархи, шарти тез ўзгараётгани уларнинг келгуси режаларига таъсир қилмоқда.

Эндиликда давлат объектлари ва ер участкалари йиллик ижара нархини индексация қилиш инфляция даражасидан оширилмайди.

Келгуси йилдан давлат активлари беш йилга ижарага берилади. Агар ижарачи ўзи хоҳласа ёки мажбуриятини бажармасагина шартнома бекор бўлади.

1991 йилда қабул қилинган “Ижара тўғрисида”ги қонун асосан давлат органлари манфаатини ҳимоя қилишга қаратилгани қайд этилди. Шу боис ижарага берувчи ва ижарачи ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қиладиган янги таҳрирдаги қонун ишлаб чиқилади.

Таълимда хусусий сектор учун кенг йўл очиб берилгани ҳисобига охирги саккиз йилда хусусий боғчалар сони 31 мингга, мактаблар эса 645 тага етди.

Эндиликда боғча қамрови 70-80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга енгиллик берилади. Аввало, бу туманлардаги боғча ва мактабларни бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади.

Бунда тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди, уларга давлат боғчасида ҳар бир болага кўзда тутилган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади.

Ушбу туманлардаги бошқа жойларда боғча ташкил қиламан, деган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилади, фаолиятини ўзгартирмаслик шарти билан ер текинга берилади, уларга ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади, тарбиячиларининг маоши уч йилгача тўлаб берилади.

Хусусий тиббиётда тўпланган улкан тажриба, янги технологиялар, малакали кадрлар тадбиркорлар учун бу соҳа жозибадорлигини ошириб, сифатни яхшилашга туртки бермоқда.

Буни 7 йилда хусусий клиникалар 3,5 мингдан 8,5 мингтага кўпайганида ҳам кўриш мумкин.

“Сизлар билан бирга Ўзбекистонни минтақадаги юқори технологик тиббиёт хабига айлантиришимизга ишонаман. Бунинг учун яна қандай шароит керак бўлса, барчасини қилиб беришга тайёрман”, - деди Президентимиз.

Хусусан, чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерлари ташкил қилинади.

Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Бунда тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади.

Президентимиз бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим инструменти молиявий хизматлар эканини таъкидлади.

Яхши лойиҳаларга пул қидираётган тадбиркорлар кўп, инвестиция киритаман, деганлар ҳам етарли.

Амалдаги тартибга кўра, масъулияти чекланган жамиятлар инвестиция киритаётган шахсни таъсисчи қилиб олишга мажбур. Лекин, бунга ҳамма ҳам рози бўлмайди. Шу боис ресурс бўйича асосий юклама ҳалигача банкларга тушаётгани кўрсатиб ўтилди.

Эндиликда лойиҳага соддалашган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Бунда барча корхоналар ўзининг лойиҳасини бу платформага жойлаштиради, потенциал инвесторлар эса исталган лойиҳани танлаб, сармоя киритиши мумкин бўлади.

Энг муҳими, инвестор таъсисчи эмас, улушдор сифатида даромадга шерик бўлади, киритган маблағи кафолатли ҳимояланади.

Тадбиркорлар ушбу янги тизим орқали йилига қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. Саккиз йил илгари уларнинг сони бармоқ билан санарли эди.

“Эътибор беринг, етти ойни ўзида стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция келди. Бу 2024 йил давомида кирган сармоялардан 4 баробар кўп. Шу боис стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жонлантирамиз”, - деди Президент.

Ёшларнинг 1 мингта стартап ғояси тижоратлаштирилади ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилади.

Энг илғор технологиялар олиб келиниб, 100 та маҳаллий стартап халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантирилади. Бунга 100 миллион доллар берилади.

Бу йилдан бошлаб, “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.

Бу лойиҳаларни брендга айлантириш учун молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертларнинг харажатлари қоплаб берилади.

“Ғолибларни 20 август – Тадбиркорлар кунида тақдирласак, ўйлайманки, ёш тадбиркорларга бу ҳам катта мотивация бўлади”, - деди давлат раҳбари.

IT, финтех ва стартапларга кенг йўл очилгани натижасида маркетплейслар сони уч йил ичида 24 тадан 163 тага кўпайди.

Тадбиркор ва ҳунармандлар ўз маҳсулотларини рақамли платформалар орқали экспорт қилишга ўрганди. Улар анъанавий экспортдаги каби миллий ва хорижий маркетплейсларда четга сотган товари учун ҚҚСни қайтаришни сўраган.

Мутасаддиларга бунинг тартибини тасдиқлаб, амалиётга жорий қилиш топширилди.

Умуман, финтех-стартапларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилинади. Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги экотизим – “очиқ банкинг” жорий қилинади.

Буларнинг ҳисобига яқин йилларда стартап лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳозиргидан 10 карра ошади.

Бу йил банклар тадбиркорлик лойиҳалари учун 6 миллиард доллар ресурс олиб келмоқда. Банклар келгуси йилда айнан кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда алоҳида 1 миллиард доллар ресурс жалб қилади.

Шунингдек, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси “чемпион тадбиркор”ларни кўпайтириш учун банк орқали лойиҳаларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит беради.

Ишлаб чиқариш, сервис, яшил иқтисодиёт лойиҳалари учун 500 миллион сўмгача тижорат кредитлари компания томонидан қайта молиялаштирилади. Натижада ҳар йили 100 мингдан зиёд тадбиркорлар оладиган кредит фоизи 6 фоизгача пасаяди.

Аввалги кредити бўйича компаниядан кафиллик олиб, тўловни вақтида қилган тадбиркорларга янги кредитлар учун кафиллик миқдори 1,5 карра оширилади.

Энди йирик тадбиркорлар ҳам компаниядан 10 миллиард сўмгача кафиллик олиши мумкин бўлади.

Скоринг тизими соддалашгани учун 100 мингга яқин тадбиркор банкдан янги кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди.

Ҳозирда кредит тарихи “ўртача”, лекин озгина кўмак берилса, тез ўсиш имконига эга яна 500 минг мижоз бор.

Эндиликда кредит беришда скоринг тизими солиқ ва коммунал тўлов интизоми, расмий айланмаси, экспорт операциялари каби маълумотларни ҳам инобатга олади.

Келгуси йилдан муқобил скоринг моделини ишга туширилиб, кредит бериш шартлари осонлаштирилади.

Очиқ мулоқотларни ўтказиш бошланганида асосий мурожаатлар солиқ ставкаларини тушириш билан боғлиқ бўларди.

Соҳада катта ўзгаришлар қилинди. Буни аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаси ҳам тасдиқлаяпти: уларнинг 79 фоизи сўнгги беш йилда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича шароит анча яхшиланганини айтган.

Лекин тадбиркорлардан солиқ маъмурчилиги бўйича ўринли саволлар тушмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келмоқда.

Шу боис, энди ушбу тартиб фақатгина йилига 50 миллиард сўмдан юқори айланма қиладиган корхоналар учун амал қилиши эълон қилинди.

Натижада 19 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 2 триллион сўмлик айланма маблағ қолади.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилгани ҳисобига бу солиқ режимида ишлаётган тадбиркорлар сони кун сайин кўпаймоқда.

Лекин, ҳали кўпчилик ҚҚСга ўтсам, ҳисоб-китоб қийинлашади, бухгалтер олишим керак, харажат ошади, деб шубҳаланмоқда.

Шу боис, айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод қилинади, ҳисоботида хатолик бўлса ҳам, жарима қўлланмайди, бухгалтерлар маошининг 5 миллион сўмгача қисми олти ойгача бундай корхона тўлаётган солиқдан чегириб ташланади.

Бугунги кунда солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркорларда 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Бу минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилади.

“Шу боис бугун ўзига хос “амнистия” эълон қиламиз, ушбу текширишлар бўйича жазо қўлланмайди. Бунинг ўрнига 1 ноябргача тадбиркорларимизга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилади.

Бир сўз билан айтганда, 1 ноябрдан бошлаб бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди”, - деди Президент.

Икки йил олдин айланмадан солиқ тўловчилар бухгалтериясини солиқчи юритадиган тизим қилинди.

Бундай хизматлар кўлами кенгайтирилади.

Келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади.

Ушбу ҳисоботларни солиқчиларнинг ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кунда ҳисоботга тузатиш киритиши мумкин бўлади.

Ҳисоботни кечиктиргани учун кичик ва йирик бизнес бир хил жарима тўлаяпти, энг ёмони – ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида-алоҳида жарима бор.

Солиқ қўмитасига 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизим яратиш топширилди.

Бунда кичик бизнес учун жарималар миқдори 3 карра камайтирилади.

Президентимиз қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда бизнес ривожланиши, инвестиция муҳити жозибадор бўлишини таъкидлади.

Мамлакатимизда ишбилармонлар синфи шаклланиб улгурди. Улар шунчаки тадбиркор эмас, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудларни ривожига катта ҳисса қўшаётган фаол инвесторларга айланмоқда.

Шунингдек, анъанавий сармоялар билан бирга венчур, бонд, краудфандинг, стартап каби замонавий инвестиция воситалари ҳам жадал ривожланмоқда.

“Тўғри, бизда инвестициявий муносабатларни тартибга солиш, сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга шароитлар яратиш бўйича юзлаб ҳужжатлар бор. Буларни ҳаммасини тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунга бирлаштириб, Инвестиция кодексини қабул қилиш вақти келди.

Бу ҳужжат инвестиция соҳасидаги барча қоида, кафолат ва тартиб-таомилларни бир тизимга солиб, инвестицияларни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши бизнес муҳитни яхшилаш бўйича қарорлар тайёрлашда фаоллик кўрсатиб келаяпти.

Парламентимиз янги кодексни ишлаб чиқишда Жамоатчилик кенгаши билан яқин ҳамкорлик қилса, ўйлайманки, бу ҳам катта самара беради”, - деди Президент.

“Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди.

Шу боис суд мустақиллигини таъминлаш бўйича қатъий сиёсат олиб борамиз. Бугунги тадбиркор, бу – кечаги тадбиркор эмас. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошганини судларга мурожаат кўпайганида ҳам кўриш мумкин”, - деди давлатимиз раҳбари.

Эндиликда тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Судларнинг моддий зарарни ундириш бўйича қарорлари ижроси кечикаётган ҳолатлар борлигига эътибор қаратилди.

Аслида, ундирилиши керак бўлган қарздорликнинг ҳар бир кечиккан куни тадбиркорнинг зарарига ишламоқда.

Шунинг учун халқаро тажриба асосида “астрент” тизими жорий қилинади. Бунда моддий зарарни қоплаш кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундириш суд қарорида аниқ белгилаб қўйилади.

Сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди, яна шунча лицензия рақамлашди. Биргина ўтган йили 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилингани натижасида тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалди.

2026 йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилиниши белгиланди.

Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари, транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Ҳозирда лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартиби бузилганда, корхонага ҳам, унинг раҳбарига ҳам жарима қўлланмоқда.

Энди бундай ҳолатлар учун фақат корхона жарима тўлайди, мансабдор шахс жавобгарлигини эса бошқарув органи мустақил ҳал қилади.

Президентимиз яна бир муҳим янгиликни эълон қилди – 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Бунда, тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида:

- электрон рақамли имзо берилади;

- банкда ҳисобрақам очилади;

- хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади;

- касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади;

- шу йўналишга масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади.

Натижада бу жараёнлар учун талаб этиладиган муддат ҳозирги 1 ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради.

Кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби санитария, ветеринария, карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади.

Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 459 тага қисқартирилди. Рўйхат яна 288 тага камайтирилади.

Умуман, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мослаштирилади.

Бунда, энг аввало, сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.

“Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади. Мамлакатимизга дунёдаги энг нуфузли халқаро тан олинган лабораториялар кириб келиши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Энди, маҳсулотлар сифати бўйича “бозор назорати” тизимига ўтамиз. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотни ўзи бўлади”, - деди Президент.

“Даладан-дастурхонгача” тамойили асосида санитария, ветеринария ва карантин органларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлашади.

Эндиликда тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмасдан, барча ҳужжатларни “ягона дарча” принципи асосида бир жойдан оладиган бўлади.

Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини оширади.

Президент тадбиркорларимизда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича ҳам кўплаб саволлар тўпланиб қолганини таъкидлаб, яқин орада бу масалага пухта тайёргарлик кўрилиб, барча муаммоларга ечимлар берилишини қайд этди.

Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади.

Бунда, барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

“Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади.

Шу боис, ўз соҳасининг жонкуяри бўлган энг илғор 10 нафар бизнес эгалари бирлашиб, атрофига ёш тадбиркорларни тўплаб, ортидан эргаштирса, уларга бизнес сирларини ўргатса, янги билим ва технологиялар олиб кирса, тадбиркорликдаги кўп муаммоларни бизнес ҳамжамиятни ўзи ҳал қила оладиган бўлади.

Бундай йўлдан бориб, тадбиркорларга кўмакчи бўладиган уюшмаларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрман”,- деди давлатимиз раҳбари

Уларнинг аниқ натижага қаратилган дастурлари, лойиҳа ва тадбирларини молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллион доллар ажратилади.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилмоқда, уларнинг қўшимча таклифлари ва фикрларини тингламоқда.

Очиқ мулоқот якунида Президентимиз яна бир бор тадбиркорларга мурожаат қилди:

“Сизлар билан бўладиган ҳар бир учрашув, мулоқот менга алоҳида қувонч, керак бўлса, ғайрат-шижоат бағишлайди.

Чунки, сизларнинг тимсолингизда мен Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб бораётган ишларимизнинг амалий натижаси ва ютуқларини кўраман.

Бугун бемалол айта оламизки, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес “ислоҳотлар катализатори”га айланди. Буни сиз – тадбиркорлар яратдингиз. Бундан фахрлансангиз арзийди.

Ҳеч нарсадан қўрқманг, интилиш ва изланишдан чарчаманг, фақат олдинга, катта марралар сари дадил қадам ташланг!

Янги Ўзбекистон тараққиётини, истиқболини таъминлайдиган куч – бу тадбиркорлар. Давлатимизни бой қиладиган куч – бу тадбиркорлар. Халқимиз, оилалар ҳаётини фаровон қиладиган куч – бу тадбиркорлар".

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг