Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 24/08/2023 Президент Самарқанддаги Биокимё институтини бориб кўрди
Президент Самарқанддаги Биокимё институтини бориб кўрди

Президент Самарқанддаги Биокимё институтини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда университетда 25 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Бу ерда тўртта – Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, Туркология илмий-тадқиқот институти ҳамда Биокимё институти ташкил этилган.

Биокимё институти жорий йилда университетнинг биология ва кимё факультетлари негизида очилди. Бунинг учун кенг кўламли қурилиш қилиниб, еттита янги бино қурилди. Жумладан, жами мингдан ортиқ ўринга эга 2 та ўқув биноси, мажлислар зали, оранжерея-иссиқхона, биологик тадқиқотлар лабораторияси – виварий, ботаник тадқиқотлар лабораторияси – гербарий ҳамда талабалар ошхонаси барпо этилди.

Аҳамиятлиси, шу тариқа икки йўналиш мутахассисларига бир майдонда илмий изланишлар олиб бориш имкони яратилди. Бу биология ва кимё йўналишидаги инновациялар интеграциясини янги босқичга олиб чиқади.

Давлатимиз раҳбари институтдаги ўқув хоналари, оранжерея, илмий лабораториялардаги шароитлар билан танишди. Профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилди.

Улар истиқболда онкологик дори воситаларининг кимёвий трансформацияси асосида хавфли ўсмаларга қарши танлаб таъсир этадиган янги дори воситаларини яратиш режаси ҳақида сўзлаб берди.

Президент институт олимларини чет элда малака оширишга юбориш, фармацевтика ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ғўза, узум, доннинг янги навларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бугунги кунда Биокимё институтида 8 та таълим йўналишида 2 минг 800 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, университетда 12 та илмий ва 67 та ўқув лаборатория бор.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг