Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 30/06/2016 Президент қатор мамлакат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди
Президент қатор мамлакат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29-июнь куни Оқсаройда Польша Республикаси, Венгрия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Корея Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари этиб тайинланган Петр Ивашкевич, Петер Санто, Ерик Утембаев, Содиқ Имомий, Квон Ён У, Сайид Шаҳобиддин Темурийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлатимиз раҳбари Европа ва Осиё дипломатик миссиялари раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади ва уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.

Польша элчиси билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганидан буён ўтган 24-йил давомида кўп қиррали ва самарали мулоқот йўлга қўйилиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича ижобий тажриба тўплангани ва ҳамкорликнинг қарийб 50 ҳужжатдан иборат салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асоси шакллангани таъкидланди.

Петр Ивашкевич Ўзбекистон халқи польшаликлар қалбидан алоҳида жой олганини таъкидлади. Польшада Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб қолган фуқароларга кўрсатилган ёрдам юксак қадрланади ва бу ўзаро муносабатларга алоҳида самимият бағишлайди.

Венгрия элчиси билан суҳбатда Ўзбекистонда Венгрияга мамлакатимизнинг Шарқий Европа ва умуман, Европа иттифоқидаги анъанавий ва муҳим шериги сифатида қаралиши қайд этилди.

Олий мақом ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида икки томонлама муносабатларга мустаҳкам асос яратилган ва келажакдаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгиланган.

Венгриянинг қароргоҳи Тошкентда бўлган биринчи элчиси сифатида фаолият бошлаган Петер Санто турли соҳаларда Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигининг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқаришга салмоқли ҳисса қўшишни Ўзбекистондаги миссиясининг асосий йўналиши деб билишини таъкидлади.

Эрик Утембаев билан суҳбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 25-йил давомида мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли умумий манфаатларига асосланган ҳамкорликнинг янги даражасига эришилгани таъкидланди.

  2016-йилнинг 14-15-апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Қозоғистон музокаралари ўзаро алоқаларда муҳим ўрин эгаллаб, кенг кўламли масалалар, жумладан, минтақавий муаммолар ҳамда ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашиш имконини берди. 2015-йилда ўзаро савдо ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, транспорт, коммуникациялар ва транзит соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг ижобий тенденциялари кузатилмоқда.

Қозоғистон элчиси ўзаро манфаатли муносабатлар бўйича тўпланган тажрибани асраш ва бойитиш, ҳар икки давлат ва халқ манфаати учун амалий вазифаларни ҳал этишга кўмаклашиш Ўзбекистондаги дипломатик миссияси диққат марказида бўлишини таъкидлади.

Тожикистон элчиси билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларининг тақдирини умумий тарих, маънавий қадрият ва анъаналар боғлаб туриши таъкидланди. Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммити асносида Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашув ҳамда унда эришилган келишувлар Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Содиқ Имомий янги тайинланган элчи сифатида ўзаро ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Корея Республикаси элчиси билан суҳбатда Жанубий Кореянинг Бош вазири Хван Гё Аннинг яқинда Ўзбекистонга келгани ва 21-май куни кенг кўламли қўшма лойиҳа – Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунлангани ва унинг расмий очилишига бағишлаб ўтказилган маросим мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлгани таъкидланди.

Элчи Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ҳурмат-эҳтиромини етказар экан, Жанубий Корея раҳбарияти Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни бундан буён ҳам янада мустаҳкамлаб, янги мазмун билан бойитишга тайёр эканини, ушбу мақсадларга эришиш учун бутун куч-ғайратини ишга солишини таъкидлади.

Афғонистон элчиси билан учрашувда кўп асрлик яқин қўшничилик ва бир-бирига ёрдам бериш анъаналари Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси экани қайд этилди.

Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мутахассислари иштирокида Афғонистонни ташқи дунё билан боғлайдиган ягона Термиз – Мозори Шариф темир йўл тармоғи барпо қилинди, бошқа инфратузилма лойиҳалари ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда. Афғонистонга, жумладан, Кобул шаҳрига электр энергияси узлуксиз етказиб берилмоқда.

Сайид Шаҳобиддин Темурий Афғонистон халқи Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклашга амалий ёрдам кўрсатаётганидан чуқур миннатдор эканини таъкидлади.

Президентимизнинг хорижий давлатлар элчилари билан суҳбати чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг