Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 14/07/2017 Президент маърузасига O‘zLiDeP фаолларининг муносабати
Президент маърузасига O‘zLiDeP фаолларининг муносабати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тоҳиржон Толипов, O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси:

—Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни бўлиб ўтган парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги видеоселектор йиғилиши зиммамиздаги вазифаларни теранроқ ҳис қилиш, шунинг баробарида уларнинг ижросига жавобгарликни яна бир поғона юқорига кўтарди.

Йиғилишда эришилган ютуқлар қайд этилган ҳолда, сиёсий партияларнинг ўтган даврдаги фаолияти танқидий руҳда таҳлил қилинди, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг, айниқса, партиялар фаолиятидаги камчиликларга алоҳида тўхталиб, йўл қўйилган айрим хатолик ва нохушликларни жиддий назоратга олиш, қатъий тартиб-интизомни таъминлаш зарурлиги тўғрисидаги ўринли фикрлари бизни бу борада янада ҳушёр, талабчан бўлишга чақиради. Ахир, юртбошимиз қайта-қайта раҳбар кадрларни айнан партияларда тажрибаси чархланган, малакаси ошган, сиёсий билими кенгайган ходимлардан олишни таъкидлаб турган бир вақтда ўз ишига масъулиятсизлик билан қараган, зиммасидаги жавобгарликни унутган, ўз манфаатини халқ, партия манфаатидан устун билган айрим кишиларнинг касбига лаёқатсизлигини оқлаб бўлмайди. Албатта, йиғилишдаги таъкидлар, топшириқлар хатоларни такрорламаслик учун замин бўлиши керак.

Президентнинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган 5 йилни қарсак чалиб эмас, ҳар бир ишга танқид билан ёндошиб ўтказиш катта ижобий натижаларга асос бўлишини таъкидлаганларини қатъий қарор, топшириқ деб қабул қилишимиз керак. Шу муносабат билан ҳар бир воқеага нисбатан партиялар раҳбарияти томонидан принципиал ва қатъий баҳо берилиши зарурлигини ҳисобга олишимиз лозим. Мамлакат раҳбари ўз маърузасида партиямиз фаолиятини алоҳида таҳлил қилиб, ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олишини қайд этдилар. Шу билан бирга, нафақат ЎзЛиДеП, балки барча партиялар мисолида ана шундай қудратли, сафарбар этувчи кучни кўришни исташини билдирдилар. Демак, қўйилган катта ва долзарб вазифалар “юки” ижро ва натижа билангина енгиллашини ҳис қилишимиз зарур.

Бугун партиямиз томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар кадрларимизнинг eтуклик дaрaжaсигa, улaрнинг эл-юрт, Ватан олдидаги мaсъулиятни ўз зиммaсигa oлишгa қaй дaрaжaдa тaйёр экaнигa бeвoситa боғлиқ. Асосийси, партия сафидагилар бир куч бўлгандагина кўзланган мақсадга эришилади. Йиғилишда қайд этилган фикрлар, вазифалар, топшириқлар мана шу кучни ақл, билим, самарали фаолият билан ишлатишга ундайди.

Хуршидахон Халилова, O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари:

—Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида ўтган давр мобайнида партиялар, хусусан, O‘zLiDeP партиясида муайян натижа ва марраларга эришилган бўлса-да, хотиржамликка берилмасдан, ҳали ечимини кутаётган масалаларни таҳлил қилиш, мавжуд резерв ва имкониятларни тўлиқ ишга солиш, камчиликларни бартараф этиш, йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик кабиларга аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўз сўзида хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни хорижга чиқиб кетишдан қайтариш, аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш каби нохуш вазиятларга қарши туриш шарт эканлиги ҳақида гапирар экан, бу борада Аёллар қаноти изланиши, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириши, шу йўналишда янги лойиҳалар ишлаб чиқиши зарурлигини уларнинг ҳар бир таъкидларидан ҳис қилдик. Дарҳақиқат, аёл нима учун четдан нажот излайди, нима учун жиноятга қўл уради, нима учун оиласи, етмиш икки томири жон талашиб дунёга келтирган фарзандлари ҳам кўзига кўринмай ширин жонига қасд қилади??? Сабаб битта: унинг муаммоси бор! Унга қандайдир ёрдам керак! Айтилган фикрлар бизни хулосага ундади: демак биз бу борада кўпроқ, яхшироқ ишлашимиз керак. Чекка-чекка ҳудудларда хотин-қизлар билан бўлаётган мулоқотларимизни тўхтатмайлик, натижаларни кўрсатайлик, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда илғор бўлайлик... Негаки, иш билан банд бўлган аёл рўзғорига даромад киради, моддий муаммолари қайсидир маънода ечим топади, турли гап-сўзларга эътибор бермасликка кўникади, хориждан нажот изламайди, фарзанди, оиласи камоли учун қайғуради, хаёлидаги нотўғри, беўрин ўйлардан холи бўлади...

Президентимизнинг мазкур йиғилишдаги фикрлари хотин-қизлар масалалари юзасидан ҳам зиммамизга жуда масъулиятли вазифаларни юклади. Шунинг учун ҳам мақсадли режаларни ишлаб чиқишни бугунданоқ бошладик. Энди бу соҳада юзаки ислоҳ қилиш мумкин эмас, аксинча маълум амалий натижа билан кўриниш керак.

Жаббарберген Қалмуратов, Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

—Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда Давлатимиз раҳбари билдирган маърузаси биз депутатлар учун катта масъулият юклайди ва халқимизнинг билдирган ишончини оқлаш ва бевосита уларнинг дарди, муаммоси билан яшашимиз кераклигини тушуниб етдик.

Ҳақиқатдан ҳам йиғилишда ҳар томонлама чуқур асослаб берилган долзарб вазифаларни амалга ошириш борасида ўзаро хамжиҳатликда самарали иш олиб бориш ва белгиланган мақсадларга эришиш депутатлик корпусининг ғоят масъулиятли ва шарафли вазифаси эканлиги алоҳида тилга олинди.

Ҳозирги кунда партия депутатлик гуруҳлари томонидан юборилаётган муайян депутатлик сўровлари, амалга оширилаётган депутатлик эшитувлари ва депутатлар фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган талабларга тўлиқ жавоб бермаяпти. Бундай нуқсонларнинг вужудга келтираётган омилларни таҳлил қилиб кўрганимизда, жойлардаги тегишли муассаса ва ташкилотлар томонидан юборилган депутатлик сўровларига масъулиятсизлик ва эътиборсизлик билан ёндашган ҳолда ўз вақтида жавоб қайтармаслиги, халқ ва депутат, депутат ва партия ўртасидаги муайян боғлиқлик узилиб қолаётганлигини кўрсатиб турибди.

Демократия қаердан бошланади – парламентдан бошланади. “Парламент – демократия мактаби”, деди давлатимиз раҳбари. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак. Бу борада сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлар барчага намуна бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда – парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ намоён бўлади деган асосли фикрларни ўртага ташлади.

«Бундан буён ҳудудлар бўйича қабул қилинадиган, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид ҳар қандай дастур лойиҳаси юзасидан партия гуруҳлари томонидан билдириладиган фикр ва таклифлар ҳисобга олиниши шарт» деган фикрлари биз учун жуда катта имкониятлар яратди деб бемалол айтишимиз мумкин. Келгусида туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқишда фол иштирок этишимиз керак ва шу орқали партиямиз сайловчиларини безовта қилаётган муаммоларга ечим топишимиз ва бу орқали ўз электоратларимиз сафини кенгайтиришимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг яхши ишлаётган, фаол, жонкуяр туман кенгаши депутатлари кейинчалик вилоят депутати, вилоят депутатлари эса Олий Мажлис аъзоси бўлиши тизимини жорий қилиш зарурлиги борасида вазифалар белгилаб бергани биз депутатлар учун катта рағбат бўлди.

Билдирилган танқидий фикр ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидламоқчиманки, барча депутатлар халқ ишончини янада кўпроқ ҳис этиш, шу бугундан бошлаб ишимизни тубдан ўзгартиришимиз ва амалий ишларимиз билан давлатимиз раҳбари ва халқимизнинг ишончини оқлашимиз шарт!

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг