Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 16/11/2023 Президент маҳалладаги одамларнинг даромади ва саломатлиги билан қизиқди
Президент маҳалладаги одамларнинг даромади ва саломатлиги билан қизиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Сариосиё туманидаги Себзор маҳалласида бўлди.

Бу ерда 7 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тўртта корхона, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида шу ерлик ёшлар доимий иш билан банд. Маҳалла аҳли асосан боғдорчилик, чорвачилик ва сабзавотчилик билан шуғулланади. Ўттиздан ортиқ деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбари “Баракатулло Давр Барака” фермер хўжалиги боғида бўлиб, полиз экинлари ривожи кўздан кечирди. Бу ерда 6 гектар олма, 1,3 гектарда хурмодан мўл ҳосил олинмоқда. Дарахтлар қатори ораларига эртаки экинлар, жумладан, оқ бошли карам, пиёз, саримсоқпиёз етиштирилган.

Маълумки, Сурхондарёнинг иқлими эрта ҳосил олиш имконини беради. Лекин қишлоқ хўжалигида илмий ёндашув етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун вилоятда in-vitro лабораториялари ташкил этиб, уруғчиликни яхшилаш, умуман, Сурхондарё қишлоқ хўжалигини экспортга ихтисослаштириш зарурлиги таъкидланди.

Боғ, тоғ ёнбағри ва дала четларини хатловдан ўтказиб, экинлар учун қўшимча имкониятларни ўрганиш, олимларни жалб этиб, маҳсулотлар ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш, қайта ишлашни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Маҳаллада ижтимоий масалалар ҳам манзилли ҳал этилмоқда. Йўллар таъмирланган. Куз-қиш мавсуми олдидан трансформаторлар янгиланди, қўшимча симёғочлар ўрнатилди. Мактаб ва мактабгача таълим муассасасида зарур шароитлар яратилган.

Яқинда маҳалла ҳудудида кичик тиббиёт пункти ташкил этилди. Президентимиз ундаги шароитларни кўздан кечирди.

Асосан профилактик кўрик ва патронаж хизмати билан шуғулланадиган ушбу муассасада бир нафардан шифокор ва доя, икки нафар ҳамшира фаолият олиб боради.

Маҳалладаги 2 минг нафарга яқин тиббиётга муҳтож аҳоли илгари 27 километр масофадаги шифохонага борар эди. Энди уларнинг узоғи яқин бўлди. Бу ерда болаларни эмлаш, сурункали беморларни соғломлаштириш ва уларнинг назоратини олиб бориш йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда тиббиёт ходимлари ва мутасаддилари билан суҳбатлашди.

- Мени энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири - халқимизнинг соғлиғи. Шунинг учун шифохоналар қуришга, ижтимоий дорилар таъминотига, тез тиббий ёрдамга катта маблағ ажратаяпмиз. Тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари ҳам оширилди. Энди муҳими - аҳолини касаллик бўйича хавф гуруҳига ажратган ҳолда, манзилли даволаш ва соғлиғини назорат қилиш, - деди Шавкат Мирзиёев.

Масалан, бир ҳудуд аҳолисининг 30 фоизи касал ёки касалликка мойил бўлади. Маҳалладаги тиббиёт ходимлари уларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳволини кузатиб бориши керак. Шу билан бирга, тўғри овқатланиш, кўпроқ пиёда юришнинг фойдасини кенг тушунтириш, маҳаллаларда фитобарлар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг