Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 13/05/2023 Президент маҳалла одамлари билан самимий суҳбатлашди
Президент маҳалла одамлари билан самимий суҳбатлашди

Президент маҳалла одамлари билан самимий суҳбатлашди

Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманидаги Жангоҳ маҳалласида бўлди.

Мамлакатимизда қуйи тизимга қаратилаётган эътибор ушбу маҳаллада ҳам намоён. Фуқаролар йиғини биноси, кўп қаватли уйлар замонавий қиёфага эга. Майдончалар ва ички йўллар текисланиб, атрофи ободонлаштирилган. Болалар ўйингоҳи ва автотураргоҳ ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни кўздан кечирди. Маҳалла раиси ва вакиллари билан суҳбатлашди.

– Маҳаллада “бешлик” тизимини жорий қилиб, кенг имкониятлар бердик. Бугун улар аҳоли билан давлат ўртасида кўприк. Бу кўприк қанча адолатли, шаффоф, мустаҳкам бўлса, халқимиз шунча рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жангоҳ маҳалласида 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ўндан ортиқ маиший хизмат ва юздан зиёд савдо дўконларида маҳалла ёшлари ҳам ишламоқда. Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ҳам шароитлар яратилган.

Давлатимиз раҳбари “Янги Жангоҳ” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан ҳам танишди. У маҳалладаги 52 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. 24 нафар мутахассис ва махсус техникалар доим шай ҳолатда. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Менинг уйим” мобиль иловаси жорий этилган.

Мутасаддилар билан суҳбатда коммунал тармоқларни янгилаб бориш, аҳоли ишончини қозониб, тўловлар барқарорлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Маҳалла айвонида одамлар билан самимий суҳбат бўлди.

– Биз фаолиятимизнинг биринчи кунидан ҳамма ишларни маҳаллада амалга оширяпмиз. Чунки бу инсонга энг яқин тизим. Маҳаллангиздаги ободлик бир мисол. Бундай ишлар фақат Тошкентда эмас, Қорақалпоғистону Хоразмда ҳам, Қашқадарёда ҳам, ҳамма жойда қилиняпти. Халқимизнинг ўзи – адолатли ҳакам. Бугун юртимиздаги ҳар бир инсон ижобий ўзгаришларни сезяпти. Энди бу ишларни давом эттириб, молия, солиқ, бандлик каби идораларнинг камида 30 фоиз ваколатларини маҳалла даражасига туширамиз. Бу – инсонларнинг оғирини енгил қиладиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган халқчил тизим бўлади, – деди Президент.

Нуроний отахон ва онахонлар маҳалладаги, умуман, юртимиздаги ўзгаришлардан хурсандлигини таъкидлаб, дуолар қилди.

Президентимиз шу маҳалла яқинида, Абдулла Қодирий кўчасидаги хиёбонда барпо этилган истироҳат йўлагини ҳам кўздан кечирди. Бу маскан аҳоли ва хорижлик туристлар учун яна бир диққатга сазовор жойга айланиши таъкидланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг