Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 01/12/2018 Президент “Khiva Silk Fabric” корхонасига ташриф буюрди
Президент “Khiva Silk Fabric” корхонасига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимизнинг пиллачиликни янада ривожлантириш борасидаги ташаббуси асосида ташкил этилган мазкур корхона жойлашган бино 1976 йилда қурилган, кейинги 15 йил мобайнида бўш турган эди. Ташландиқ бинода иш бошлаган корхонада инновацион ғоялар, креатив ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йил август ойида ишга туширилди. Кластер усулида йилига 140 тоннадан зиёд қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга корхонада 110 доимий иш ўрни яратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар беради.

Амалга оширилган диверсификация ишлари натижасида қиймати 1,1 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланди. Улар асосида Хитой ва Покистонга ипак маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари корхонада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишди, ишлаб чиқарилиши кутилаётган янги маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

2019 йилдан ипак толасидан мато ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш, ғумбакдан лаборатория усулида ёғ олиш йўлга қўйилади. Ипакни олгандан кейин пилла ичида қоладиган ғумбакка шу кунгача чиқинди сифатида қаралган. Оқсилга жуда бой ғумбакдан косметологияда ишлатиладиган қимматбаҳо ёғ олинади. Хитойда бу ёғнинг 1 литри 40-50 доллар туради.

Корхонада хитин ва хитозан моддалари, биологик фаол қўшимчалар, ғумбак консерваси, тут баргидан чой ва ширинликлар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.

Хитин ва хитозан моддаси ўсимлик уруғи чиришининг олдини олади, тез ривожланишига ёрдам қилади. Ҳозирча бу маҳсулотлар мамлакатимизга чет элдан олиб келинмоқда. Эътиборлиси, тут баргидан ширинликлар ишлаб чиқариш илк бор йўлга қўйилмоқда.

Корхонада ипак олиш учун ишлатиладиган сув чўкмасидан совун олиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Пиллани ивитиш давомида унинг таркибидаги 18 хил аминокислота, цирицин ва фебриин каби моддалар сувга ўтади. Шу вақтгача бу сув оқизиб юборилган. Намуна шаклидаги совунлар хушбўйлиги, шифобахшлиги билан ажралиб туради.

Шу ерда хитойлик ҳамкорлар билан ипак уруғи ишлаб чиқариш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, қовуннинг ҳосилдор ва экспортбоп навларини яратиш, асосий ва такрорий экинда шоли етиштириш, Хоразм шароитида ердан унумли фойдаланиш каби қатор истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг