Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 14/02/2019 Пойтахтимиздаги янги метро линияларини қуришда Германиянинг “Herrenknext” корпорацияси билан ҳамкорлик қилинмоқда
Пойтахтимиздаги янги метро линияларини қуришда Германиянинг “Herrenknext” корпорацияси билан ҳамкорлик қилинмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда янги метро линияларини қуриш, бу борада жаҳон тажрибасини қўллаш, замонавий  техника ва технологияларни жорий қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик жамиятига қарашли “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси таркибида ер ости метросини қуриш жараёни учун зарур темир бетон конструкцияларини  ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Махсус темир бетон буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш заводи” унитар корхонаси ташкил этилди.

Бу ерда маҳсулотларни жаҳон андозасига мос равишда тайёрлаш мақсадида Германиянинг машҳур “Herrenknext” корпорацияси томонидан етказиб берилган тюбинглар ишлаб чиқариш линияси ўрнатилган. Ҳозирда ушбу корхонада Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишини барпо этиш учун тюбинглар ишлаб чиқарилмоқда. Тюбинглар 6 та қисмдан иборат бўлиб, уларни бирлаштириш орқали халқасимон метро йўлаклари жорий этилади. Ушбу халқанинг эни 1,5 метр, ички диаметри 5,1 метрни, ташқи ўлчами эса 5,62 метрни ташкил этади. Тажрибали кўприксозлар томонидан ҳар куни 8 та тўплам (12 метр) ана шундай  маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Тюбинглар метро тунели деворларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. шу боис маҳсулот сифати доим мутахассислар назоратида. 

Юнусобод метро йўналишидаги “Янги Юнусобод” ва “Туркистон” бекатларининг қурилиш-монтаж ишлари очиқ ва ёпиқ усулда олиб бориляпти. Линиянинг ёпиқ қисмида қурилиш ишларини бажариш учун “Herrenknecht AG” гуруҳи билан ҳамкорликда горизонтал бурғулаш техникаси келтирилган. “Махсустемирбетон буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш заводи” унитар корхонаси томонидан тайёрланган тюбинглар мазкур мажмуа ёрдамида ўрнатиб борилмоқда.

Манбаа: “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг