Пойтахтимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро форум иш бошлади — UzDaily.uz
Валюта курслари 11/09/2025
$1 – 12360.86
UZS – 0.05%
€1 – 14479.51
UZS – -0.41%
₽1 – 145.66
UZS – -1.9%
Қидириш
Пойтахтимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро форум иш бошлади

Пойтахтимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро форум иш бошлади

Пойтахтимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро форум иш бошлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Тошкент шаҳрида болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган халқаро форум ўз ишини бошлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Сенат Раиси Танзила Нарбаева болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши ҳар қандай жамият барқарор тараққиётининг асосий пойдевори эканини таъкидлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, минтақамиз учун ноёб бўлган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

  Парламентимизда Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мустақил институти фаолият олиб боради, у ҳар йили болаларнинг аҳволи ва қонунчилик ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Кенг кўламли институционал ислоҳот амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилди, болалар ҳуқуқлари бўйича ҳудудий вакиллар фаолияти йўлга қўйилди, Бош вазир ва ҳокимлар раҳбарлигида болалар ишлари бўйича комиссиялар жойларда фаолият кўрсатмоқда.

Таъкидланишича, мамлакатларимиз келажаги бевосита болалар ҳуқуқларини қанчалик самарали ҳимоя қила олишимизга, уларнинг ҳар томонлама таълим-тарбия олиши ва саломатлиги учун шароит яратиб беришимизга боғлиқ. Шу боис форум доирасида нафақат миллий тажриба, балки қўшма ташаббус ва саъй-ҳаракатлар муҳокама этилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

Сенат Раиси нутқида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги маслаҳат учрашувлари ҳамкорликнинг самарали платформасига айлангани қайд этилди. Ушбу жараён асосида Парламентлараро форум, Етакчи аёллар мулоқоти, Ёшлар мулоқоти, шунингдек, минтақавий долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган қатор тузилмалар ташкил этилгани таъкидланди. Шу маънода, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг минтақавий платформаси яратилаётгани муҳим қадам сифатида қайд этилди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманларининг мулоқоти ва ўзаро ҳамкорлиги учун самарали минтақавий платформа яратишдир.

Ушбу платформа бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида конструктив тажриба алмашишга, умумий муаммоларни самарали ҳал этишга, минтақавий ва трансмиллий таҳдид ҳамда чақириқларга қарши курашишда ягона ёндашувларни ишлаб чиқишга, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманлари институтлари салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форум кун тартибидан минтақадаги болалар вазиятининг миллий мониторингини олиб бориш, Интернет маконида болалар хавфсизлигини таъминлаш, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар яратиш ҳамда болаларнинг одил судловдан фойдаланишини таъминлаш каби масалалар ўрин олган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг