Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 01/02/2023 ПМТИ: декабрь ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида нархлар 3,2% га ошди
ПМТИ: декабрь ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида нархлар 3,2% га ошди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2022-йилнинг 4-чораги учун Тошкент шаҳрида хонадонлар учун таклиф этилаётган харид нархлари ўзгаришини таҳлил қилди. 

Натижалар, нархлар ноябрь ойида октябрь ойидагига қараганда 2% га ошганлигини кўрсатди. Декабрь ойида эса нархлар 3,2% га ошган.

E-notarius маълумоларига кўра 4-чорак давомида Тошкент шаҳрида 33 194 та уй-жой олди-сотди шартномаси имзоланган. Нархлар чорак давомида Шайхонтоҳур туманида ўртача 7,1%, Чилонзор туманида 4%,

Юнусобод туманида 3,8%, Учтепа, Яккасарой, Яшнобод ва Олмазор туманларида 2%, Сергели ва Мирободда 1% ва Мирзо Улуғбек туманида 0,5% ошган.

Миробод (1326 $), Яккасарой (1195 $), Мирзо Улуғбек (1174 $) ва Юнусобод (1128 $) туманларида уй-жойнинг бир квадрат метри учун нархлар Тошкент шаҳри бўйича ўртача нарх (1088 $) дан юқори эканлиги маълум бўлди. 

Тадқиқот давомида нархга тасир қилувчи асосий омиллар ҳам ўрганилди. Бунда Supervised machine learning тоифасига кирувчи decision tree услуби ва шу оилага кирувчи bagging ҳамда random forest

усулларидан фойдаланилди. 

Натижаларга кўра, арзон сегментда ҳам, қиммат сегментда ҳам хонадон майдони катталиги нархни белгиловчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Буни шаҳар шароитида ер участкаси нархининг юқорилиги билан изоҳласа бўлади, яъни хонадон таннархида ер харид қилишга кетган харажат энг катта ўрин тутади. 

Арзон сегментда хонадон жойлашган қават нархнинг ошишига таъсир қилувчи бошқа асосий омил экани ойдинлашди. Чунки бу сегментдаги уйлар асосан эски ва лифтлар билан жиҳозланмаган. Бошқа тарафдан юқори қаватларга сув ва иссиқлик таъминоти етиб бориши билан боғлиқ муаммолар ҳам хонадон нархига таъсир этмоқда. Кейинги ўринларда нархга хонадоннинг янги қурилганлиги ва таъмирланганлик ҳолати таъсир этмоқда. 

Қиммат сегментда эса хонадоннинг махсус агентлик ёки хонадон эгасининг ўзи томонидан сотилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлганди. Буни махсус агентликлар кўпроқ қиммат хонадолар олди-сотдисида иштирок этиши ва устама ҳақининг мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин.

Ундан кейинги ўринда мебель билан жиҳозланганлиги, комиссия олиниши, янги қурилганлиги каби омиллар туриши аниқланди. Хонадон жойлашган қават энг охирги ўринларда туришини бу сегментнинг лифтлар билан таъминланганлиги ва коммунал таъминотида муаммолар камлиги билан изоҳлаш мумкин.

Хулоса сифатида айтганда, янги қурилаётган хонадонлар харидорларга кўпинча "қути" кўринишида ёки таъмирталаб ҳолатда топширилаётганлиги инобатга олинса, хонадон таннархида ер ва рухсат олиш билан боғлиқ харажатлар салмоғи катталиги маълум бўлади. Чунки, уй фасади, кириш йўлаги, лифт қулайликларидан ҳамма бирдек фойдаланади ва тўловдаги фарқ кўп ҳолларда хонадон майдони ҳисобига юзага келмоқда. Тегишли равишда, ер ва рухсат олиш билан боғлиқ бошқа тўловларни камайтириш хонадонлар нархининг пасайишига олиб келиши мумкин. Масалан,

бундай харажат ва хонадонлар нархи ўртасидаги боғлиқлик Америка Қўшма Штатларида

(Glaeser et al., 2005), Хитойда (Deng, Gyourko, & Wu, 2012) кузатилган. Ундан ташқари, қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш билан бир қаторда, харидор ва сотувчиларни бирлаштирадиган порталлар яратиш орқали воситачилик харажатларини камайтириш ҳам хонадонлар нархини туширишда кўмаклашади.

Таъкидлаш керакки, 2023-йилнинг 26-январидан Қозоғистонда кучга кирган янги иммиграция қоидаларига кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирган мамлакатларнинг фуқаролари учун ҳар 180 кунда фақат 90 кун туришга рухсат берилади. Мобилизация эълон қилингандан кейин ўтган йил охиригача россиялик 36 минг фуқаро Қозоғистонга вақтинчалик жойлашган. Тегишли равишда, қўшни давлатлардаги бундай ўзгаришлар Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорига таъсир этмасдан қолмайди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг