Маълумки, 2030 йилга қадар Халқ таълимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Мазкур ҳужжатнинг биринчи бандида PISA халқаро тадқиқотида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш ва 2030 йилга бориб кучли 30 таликка киришга эришиш мақсадли йўналишда белгиланган. Яъни, Халқ таълими учун стратегик вазифа қўйилган.
Илк маротаба 2021 йилнинг 5-14 апрель кунлари мамлакатимизда 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиб тушуниш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотлар ўтказилди. Тадқиқотда республикамиздаги 180 та мактабда таҳсил олувчи 5 948 нафар 4-синф ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари, мактаб директорлари ва синф раҳбарлари иштирок этдилар.
Шунингдек, 2022 йилнинг апрел ойида юртимиздаги 202 та мактабларда PISA халқаро баҳолаш тадқиқотлари ўтказилди. Тадқиқотда юртимизнинг 15 ёшли мактаб ўқувчилари табиий-илмий саводхонлик, математик саводхонлик ҳамда ўқиш саводхонлик йўналишлари бўйича иштирок этдилар.
Навбатдаги халқаро баҳолаш тадқиқотлари 2023 йилда ўтказилади. Келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилаётган TIMSS-2023 тадқиқотларида 4- ва 8-синф мактаб ўқувчилари табиий фанлар ҳамда математика фанидан ўз билимларини синаб кўрадилар.
Дунёдаги ривожланган мамлакатлар таълим тизимида таълим сифатини ошириш, халқаро баҳолаш жараёнларида муносиб қатнашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари доирасидаги топшириқлар билан ишлаш кўникмасини шакллантириш, ўқитувчи ва ўқувчиларни тайёрлаш, уларнинг билим, кўникма ва компетенцияларини, шунингдек, ўқувчиларда ижодий ва мантиқий фикрлаш ҳамда тегишли фан йўналишлари бўйича саводхонлигини ривожлантириш, ўқитувчиларга амалий ва услубий ёрдам бериш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ва А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан STesting электрон платформаси ишлаб чиқилди.
Ушбу платформада 1449 та тест-топшириқлари, 103 та медиакурслар, 40 та кимё ва биология фанларидан малака ошириш медиа курслари ўрин олган. Шулардан, PISA халқаро баҳолаш тадқиқотига оид 30 та блок ва 489 та саволлар бўлса, TIMSS халқаро баҳолаш тадқиқотига оид эса 8 та фанга тегишли 583 та назорат саволлар жой олган ва PIRLS халқаро баҳолаш тадқиқотига оид 30 та блокдан иборат 377 та саволлар платформага жойлаштирилган.
STesting электрон платформаси статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилнинг февраль-июль ойлари давомида юртимиздаги 7750 дан ортиқ мактаблар ушбу электрон плафтформадан рўйҳатдан ўтган бўлиб, уларда 2 500 000 дан ортиқ мактаб ўқувчиларимиз тест-топшириқларни бажариб келмоқдалар. Ушбу бажарилган тест- топшириқлар 12 нафар малакали педагог-мутахассислар томонидан ўзбек ва рус тилларида текширилиб баҳоланмоқда. Ҳозирда 2 000 000 дан ортиқ тест-топшириқлар текширилиб баҳоланди.
Ҳозирда миллий тадқиқот инстиути мазкур лойиҳанинг янги контент ва тест топшириқлари билан бойитиш мақсадида, "STesting"2
лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида такрор қайд этиш лозимки, инстиутнинг STESTING.UZ тренажёр платформаси ўқитувчи ва ўқувчилар учун ташкил этилган. Марҳамат, бепул платформада халқаро баҳолаш дастурларига тайёрланишингиз мумкин!