Валюта курслари 25/08/2025
$1 – 12357.09
UZS – -0.46%
€1 – 14330.52
UZS – -0.95%
₽1 – 153.49
UZS – -0.88%
Қидириш
Туризм 25/08/2025 Паркент туманида “Узум сайли” халқаро фестивали якунланди, ғолиблар эълон қилинди

Паркент туманида “Узум сайли” халқаро фестивали якунланди, ғолиблар эълон қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 22-23 август кунлари Туризм қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Паркент туманида ўтказилган “Узум сайли” халқаро фестивали якунланиб, фестивалда энг яхши иштирокчилар бир қатор номинациялар бўйича тақдирланди.

Хусусан, “Узумчилик борасидаги илғор илмий ёндашуви”, “Узумчиликда инновацияларни қўллаган илғор фермер”, “Фаол иштироки учун”, “Узумчилик анъаналарини сақлаб қолган фермер”, “Энг кўп мухлисларни жалб қилган павильон”, “Миллий ҳунармандчилик анъаналари давомчиси” ва шу каби турли номинациялар бўйича ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Фестивалда 1-ўрин вилоятлар ўртасида Жиззах вилоятига, туман ва шаҳарлар ўртасида эса Юқори Чирчиқ туманига насиб этиб, мукофотлар топширилди.

Фестивалда Ўзбекистонда узумчилик ва вино саноатида фаолият юритаётган соҳа вакиллари, Индонезия, Туркия, Сербия, Россия, Корея, Цингапур, Беларус, Грузия, Озарбайжон каби 30 дан ортиқ давлатлардан олимлар, экспертлар ва соҳанинг йирик намояндалари иштирок этишди.

Фестиваль доирасида қишлоқ хўжалиги ярмаркалари, вино саноатининг халқаро бренд компаниялари кўргазмалари, узумчилик йўналишидаги халқаро конференция ва анжуманлар ташкил этилди. “Узум сайли”нинг маданий қисмида эса миллий фольклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, номинациялар бўйича республика кўрик-танловлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар ва либослар ҳамда халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазмалари ўтказилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг