Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ташриф билан Францияда бўлди дея хабар бермоқда ЎзА.
Ташриф доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бизнес-форум ташкил этилди.
Мамлакатимиз делегацияси “IFP energies nouveiles” институтида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аллома ва мутафаккирларимиз илмий мероси бугунги кунда ҳам бутун дунёда катта қизиқиш билан ўрганилади. Хусусан, Францияда Амир Темур ва Темурийлар даври алоҳида тадқиқ қилинади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги делегациясининг Францияга ташрифи доирасида “Дўстлик” (Park de IʼAmitie) паркида юртдошимиз Абу Али ибн Сино ҳайкалининг очилиши мамлакатимиздан етишиб чиққан улуғ алломаларга кўрсатилган ҳурматнинг яна бир намунаси бўлди.
2019 йилда Бухоро ва Рюэй-Мальмезон шаҳарлари ўртасида дўстлик алоқалари ўрнатилганига 20 йил бўлди. Шу муносабат билан Францияда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонасининг ипак либослари кўргазмаси, “Бухоро” фотокўргазмаси, концерт дастури ташкил этилди, миллий таомлар тақдимоти ўтказилди.
Мулоқот ва учрашувлар якуни бўйича турли соҳаларда ҳамкорликка доир қатор келишувларга эришилди. “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонаси савдо уйининг Париж шаҳрида очилиши ана шундай ўзаро манфаатли битимлардан бири.
Савдо уйи фаолиятини ташкил этиш орқали ўзбек ипак матолари ва либосларининг Европа бозорларига кириб бориши таъминланади.