Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 20/03/2015 O‘zLiDePда Наврўз айёми нишонланди
O‘zLiDePда Наврўз айёми нишонланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Айни кунларда юртимизда гўзаллик ва нафосат байрами ҳисобланган Наврўз айёми шодиёналари кезиб юрибди. Энг қадимий урф одат ва анъаналаримизни ўзига жо қилган ушбу айём мана неча асрлардан буён халқимизнинг севимли байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Тадбиркорлар ва ишиблармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳам мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия ҳудудий кенгашлари ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев йиғилганларни бугунги Наврўз байрами билан табриклади. Шу билан бирга жорий йилнинг 29-март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жойлардаги барча партия ҳудудий ташкилотлари, қуйи бўғинлари, партия фаолларини мазкур сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга чорлади.

Байрам дастурхони атрофида йиғилганлар наврўз таомлари – сумалак, ҳалим, кўксомса каби миллий ноз-неъматларимиздан баҳраманд бўлишди. Айниқса, айёмга ташриф буюрган истеъдодли санъаткорларимизнинг куй ва қўшиқлари иштирокчиларнинг кайфиятига янада кўтаринки руҳ бахш этди.

Тадбирда сўз олганлар йиғилганларни байрам билан муборакбод этиб, мамлакатимизда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб бораётганини эътироф этдилар.

Бу йилги Наврўз байрами халқимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа - Президент сайловига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ сиёсий жараёнлар энг муҳим палласига кирган вақт билан ҳамоҳанг тарзда келгани ўзгача маъно касб этиши байрам иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Президент сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик талабларга тўла мос равишда ўтаётганини ҳам қайд этилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси республикамиз аҳолисини кириб келаётган севимли баҳор байрами – “Наврўз” айёми билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барча сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримовга овоз беришга чақиради!

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг