Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 14/10/2016 O‘zLiDeP: янги фармон тадбикорлик йўлидаги тўсиқларни бартараф этади
O‘zLiDeP: янги фармон тадбикорлик йўлидаги тўсиқларни бартараф этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши томонидан жорий йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини партия электорати - тадбиркор ва фермерларга тушунтиришга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, ҳамкор ташкилот вакиллари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур Фармон бизнес юритиш тартиби, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар билан ўзаро муносабатлардан тортиб тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жавобгарлигини эркинлаштириш каби тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларини қамраб олган.

- Фармонда кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг ташкил этиши бу борада муҳим аҳамият касб этади, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев. - Ушбу янгилик тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан Парламент назорати шаклларини кучайтириш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, Фармонда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида тасдиқланган Комлекс чора-тадбирлар дастури доирасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат ҳаридлари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилганлиги давлат ва бизнес ўртасидаги маъмурий тўсиқларни баратарф этиш, давлат ресурсларининг очиқ ва шаффолигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги таъкидланди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланган. Тадбир иштирокчилари ушбу чоралар маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлида муҳим қадам эканлигини қайд этдилар.

— Янги Фармонда биз тадбиркорлар эртанги порлоқ кунимизни кўрдик, - дейди “Шаҳлия” хусусий корхонаси раҳбари Шоҳиста Мадиярова. — Фармон билан танишиб чиқиб, фаолиятимизда дуч келадиган айрим хадикларимиз бутунлай тарқади. Эндиликда бунданда кучли шижоат билан, янги ғояларни илгари суриб, ишлаб чиқаришимизни янада кенгайтириб, сифатли маҳсулотларимизнинг тури ва сонини кўпайтиришга астойдил ҳаракат қиламиз. Бу ҳақда O‘zLiDeP Матбуот хизмати хабар беради.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур тарихий фармон сўнгги йилларда ушбу соҳада қабул қилинган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Унинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлиши шубҳасиздир.

Давра суҳбати якунида жойларда мазкур Фармонни амалиётга татбиқ этиш, унинг мазмун-моҳиятини тадбирлар, давра суҳбатлари ва семинарлар орқали партия электорати ва кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг