Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 12/10/2016 O‘zLiDeP VIII съездига Қашқадарё вилоятидан делегатлар сайланди
O‘zLiDeP VIII съездига Қашқадарё вилоятидан делегатлар сайланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал- демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда туман, шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Арзиқул Шеров сўзга чиқиб, жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига вилоят Кенгаши ҳамда қуйи бўғинларда тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётганлиги, мазкур муҳим сиёсий жараённи юқори савияда, демократик тамойиллар асосида ўтишида партия кенгашлари, депутатлари ва фаоллари бирдек масъул эканликларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши ва фуқаролик жамиятининг ривожланиб бориши, сайлов жараёнларини тартибга солувчи нормаларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилгани сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнларда фуқароларнинг фаол иштирок этишига замин яратмоқда. Буни жойларда сиёсий партияларнинг фаоллигида, ўз Дастурлари ва Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни мукаммал даражада адо этаётганликларида ҳам кўриш мумкин.

Бугун O‘zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши таркибида 901 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд бўлиб, улар ўз сафида 20 мингдан ортиқ аъзоларни бирлаштирган. Қайд этиш жоизки, партия қуйи бўғинлари халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги вакиллик органлари орқали давлат бошқаруви, жамият ҳаётидаги кенг кўламдаги ислоҳотларда муносиб иштирок этмоқда.

— Бугун биз муҳокама қилаётган масала Она-Ватанимизнинг янада фаровон келажагини таъминлаш йўлида тарихий аҳамиятга эга, - дейди Китоб туманидаги “Элдорбек Аброржон Луқмонович” фермер хўжалиги раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Насиба Нурова. — Мазкур муҳим сиёсий жараённи юқори савияда ўтказиш учун фаолларимизда етарли куч, салоҳият ва катта тажриба бор. Қуйи бўғинларимизда бўлиб ўтган йиғилишларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ҳамжиҳатлик билан ўтказиш юзасидан керакли тадбирлар белгиланиб, шу асосда ишларини олиб бораяпмиз.

Конференцияда партия кенгашлари ва фаоллари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Вилоят кенгашининг сайловда фаол иштирокини таъминлаш, бу борада бошланғич партия ташкилотлари етакчиларини сиёсий билимини ошириш, ҳар бир сайлов участкасида партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини тушунтириш юзасидан тадбирлар ташкил этиш борасидаги навбатдаги ишлар муҳокама қилинди.

Конференция якунида партиянинг VIII съездига Қашқадарё вилояти кенгашидан делегатлар сайланди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг