Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 18/02/2016 O‘zLiDeP: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни кенгайтириш йўлида
O‘zLiDeP: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни кенгайтириш йўлида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш таркибида экологик соф, юқори сифатли, экспортбоп аграр маҳсулотлар улушини кўпайтириш борасида изчил чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Бу жараён тадбиркор ва фермерларни қишлоқ жойларда қайта ишлаш қувватларини жадал ривожлантиришга кенг жалб қилиш, қишлоқда янги иш ўринлари яратиш ва инфратузилмани ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилаётгани билан O‘zLiDeP учун аҳамиятлидир.

O‘zLiDeP фикрича, мамлакатимизнинг бой ўсимлик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни босқичма-босқич кенгайтириш, ички бозорни тўлдириш ҳамда экспортга чиқаришга мўлжалланган юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш ички миллий захираларимиз ва имкониятларимизни ишга солишнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Хусусан, экин майдонларини мақбуллаштириш ва замонавий агротехнологияларни жорий қилиш натижасида 2025 йилга келиб сабзавотлар етиштириш ҳажмларини 30 фоизга, мева ва узум етиштиришни 21,5 фоизга кўпайтиришга эришиш мўлжалланган. Бу ишга O‘zLiDeP, унинг электорати ўз амалий ҳиссасини қўшиши лозим.

Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги хомашёсини саноат шароитида чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда ташкил этилган ва модернизация қилинган 230 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат тартибида қайта ишлаш корхоналари, сиғими 77,8 минг тоннага тенг 114 та янги музлаткич камералар мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш қувватларини 832 минг тоннага етказиш имконини берди. Бу йил давомида мамлакатимиз аҳолисини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз ва барқарор нархларда таъминлаш, унинг экспортини кенгайтириш имконини беради.

Экологик соф, экспортбоп аграр маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнига мамлакатимиз тадбиркорлари ва фермерларини кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш масалаларига ҳам O‘zLiDeP томонидан катта аҳамият берилмоқда. Шу ва бошқа масалалар жорй йил 18 февраль куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Фермерлар кенгаши билан биргаликда ташкил этилган “Экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда чуқур қайта ишлаш борасидаги долзарб вазифалар” мавзуидаги давра суҳбатида ҳар томонлама муҳокама этилди. O‘zLiDeP ва Фермерлар Кенгаши ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар қишлоқ хўжалиги тармоқларини диверсификация қилишга кўмаклашиш, фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни жадал ривожлантиришга қаратилганини таъкидлаш жоиз.

Тадбирда иштирок этган фермер ва тадбиркорлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, аграр тармоқни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, инвестициялар, шу жумладан хорижий сармоялар жалб қилиш, қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий қилиш учун масъул вазирлик ва идоралар вакиллари соҳанинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

Иштирокчилар Ўзбекистон ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан рақобатли афзалликлари, айниқса таъм кўрсаткичлари борасидаги устунлигидан фойдаланиш лозимлиги, бу борада экспортни қўллаб-қувватлаш, фермерлар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда фермерлар ва соҳа экспертлари озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш асосида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга доир амалий таклиф ва тавсияларини билдирди.

Партия фаоллари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда замонавий инновациявий технологияларнинг экологик соф, юқори сифатли, экспортбоп аграр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жорий қилиниши қайта ишлаш соҳасига инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш асосида чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли, ишлаб чиқариш ва экспорт таркибида чуқур қайта ишланган маҳсулотлар улушини ошириш мақсадида фермер хўжаликлари ва саноат сектори ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш йўлида барча шароитлар яратилиши лозим. Шу билан қаторда ушбу соҳадаги ҳуқуқий базани ривожлантириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш ҳамда хориж мамлакатларнинг ижобий тажрибасини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг