Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 25/11/2017 O`zLiDeP иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш масаласини муҳокама қилди
O`zLiDeP иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 24 ноябрь куни O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Тошкент молия институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишда банк-молия тизимининг самарали таъсирини кучайтириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари, қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат Тадқиқотлари институти, айрим хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Ислом Тараққиёт банки, “Джи Пи Морган Чэйз” банки, «Ландесбанк Баден-Вюртемберг» (Германия) банкларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Таъкидландики, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да мамлакат иқтисодиётини барқарорлигини таъминлаш ва унинг самарадорлигини ошириш учун банк-молия тизимида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, банк тизими олдида турган энг долзарб масалалардан бири бўлмиш валюта сиёсатини либераллаштириш, валюта бозорини халқаро талаблар ва андозаларга мослаштириш, валюта барқарорлигини мустаҳкамлаш, унга эришишда монетар сиёсат инструментларининг ролини кенгайтириш, банк тизимини бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ислоҳ этиш, кўрсатилаётган банк хизматларининг инновацион турларини жорий этиш ва уларнинг сифатини ошириш бўйича белгиланган ишлар бугун ўз натижасини бермоқда.

Бу вазифалар O`zLiDeP учун ҳам ниҳоятда муҳим масалалар сирасига киради. Зеро тижорат банкларининг инвестициявий имкониятларини мустаҳкамлаш, уларнинг инвестицион лойиҳаларга маблағ киритишларига қизиқишини кучайтиришнинг таъсирчан механизмларини амалиётга жорий этиш масаласи партия дастурида алоҳида қайд этилган.

Конференцияда иштирок этган экспертларнинг фикрича сўнги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган банк-молия тизимидаги ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий-инновацион ва ишбилармонлик муҳити макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий мутаносибликни таъминлаб келмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг тўққиз ойлик натижаларига кўра, ташқи савдо фаолиятининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши ҳамда миллий валютанинг реал алмашинув курсининг рағбатлантирувчи динамикага эга бўлиши мамлакатга экспорт орқали кириб келаётган валюта тушумлари ҳажмининг сезиларли ўсишига олиб келди. Бу ўз навбатида, реал сектордаги иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омил вазифасини бажарди.

Шу ўринда, банк тизимининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июнда қабул қилинган “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва капиталлашув даражасини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этди. Маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, иқтисодиётда кузатилаётган ўзгаришлар доирасида 2017 йилнинг дастлабки 10 ойи давомида экспортдан валюта тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиздан зиёдга ўсди ҳамда мамлакатимиз олтин-валюта захиралари ҳажми сентябр-октябр ойларининг ўзида 754 миллион АҚШ долларига ошиб, 1 ноябрь ҳолатига 26 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Умуман олганда, валюта бозорини либералллаштиришдан сўнг ички валюта бозоридаги операцияларнинг ўртача ойлик ҳажми сезиларли даражада ўсди.

Конференция иштирокчиларининг таъкидлашича, амалга оширилаёган ушбу кенг қамровли ислоҳотларга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Жаҳон Банки, Халқаро валюта фонди каби нуфузли ташкилотларнинг ҳисоботларида юксак баҳо бериб келинмоқда. Натижада Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳамда хорижий ҳусусий сармоядорлар, йирик трансмиллий компаниялар, халқаро молия институтларининг Ўзбекистонга бўлган ишончи ва қизиқиши янада ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, ушбу конференцияда халқаро ва маҳаллий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда бошқа олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот марказлари олимлари томонидан амалга оширилган илмий тадқиқотлари натижасида шаклланган таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари томонидан жами 20 дан зиёд маъруза ва чиқишлар қилиниб, халқаро ташкилотлар вакиллари ва республика банк-молия тизими мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Мулоқот натижасида конференция кун тартибидаги масала юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга, қолаверса, O`zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига киритилиши белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг