Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 14/07/2017 O‘zLiDeP иншончни оқлайди
O‘zLiDeP иншончни оқлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Исломжон Зокиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев депутатлар, сенат аъзолари ва сиёсий партия вакиллари билан учрашиб, айни соҳа вакилларининг мамлакат сиёсий ҳаётидаги ўрни ва ролига ҳолисона баҳо берди.

Ушбу учрашув том маънода ўзининг таҳлилий-танқидий руҳияти билан барча қатнашчиларга бундан буён бутунлай янгича кайфиятда, шижоат ва матонат билан ишлаш лозимлигини кўрсатди.

Бу ўринда Президентимиз айни дамда республикадаги етакчи ҳисобланган бизнинг партиямиз ва фракциямиз олдида турган устувор йўналишлар, партия платформасида илгари сурилган ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши борасида билдирган фикрлари электорат аъзоларининг янги-янги ғоялар ишлаб чиқишга, уларни ҳаётга татбиқ этишда ташаббускор бўлишга ундади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, платформада келтирилган партия ғояларини амалга оширишда, уларни замонга ҳамоҳанг тарзда янгилаб боришда барча даражадаги депутатларнинг ўрни муҳимдир. Шундай экан, биз депутатлар, биринчидан, туман – вилоят – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тизимидаги фаолиятни янада мустаҳкамлаш, иккинчидан, нафақат тадбиркорлар ва фермерларни қўллаб-қувватлаш, балки мунтазам равишда янги тадбиркорлар пайдо бўлиши учун асос солувчи кучга ҳам айланишимиз лозим. Яъни, биргина мисол, агар партиянинг ҳар бир туман ёки шаҳардаги вакиллари ойига шу тумандан бир нафар тадбиркорни иш бошлашига эришса, республика бўйича бир йилдаги бу кўрсаткични тасаввур этиш қийин эмас.

Бу эса, ўз навбатида, доимий равишда депутатлар ва сиёсий партия вакилларидан ўзининг маҳорати ва ижодкорлигини намоён этишни тақозо этади. Албатта, O‘zLiDeP вакиллари Президентимизга ислоҳотларни шиддат билан амалга оширишда янгича дунёқараш, руҳияти, бор билими, салоҳияти ва меҳнати билан елкадош бўлишга ваъда беради.

Клара Жумамуратова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

— Шиддат билан ўтиб бораётган давр парламент палаталари, сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни талаб этмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бу ҳақда муфассал тўхталиб ўтди. Тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган партиямиз фаолияти жиддий ва ўринли танқид қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳалигача хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эътиборимиздан четда қолмоқда. Айтиш жуда оғир, аммо бу — ҳақиқат. Одамлар баландпарвоз гапларга эмас, балки амалий саъй-ҳаракатларга ишонади. Бунга ҳар ойда туманларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш чоғида амин бўлаяпмиз. Чунки анчадан буён йиғилиб қолган муаммолар кўп. Президентимиз мазкур учрашувлар шунчаки номига, ҳисобот учун ташкил этилаётганини куйинчаклик билан айтганида, рости, уялиб кетдик. Танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда, мулоқотларимизни очиқ ва янгича руҳда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Муаммони аниқлаб, ечимини назорат қилиш баробарида, унинг сабабларини ўрганиш, ҳал этиш, амалий ёрдам кўрсатиш фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, мазкур мулоқотларда вазирлик ва идоралар, ташкилотлар вакиллари иштирокининг тўлиқ таъминланиши мақсадга мувофиқ. Бу, ўз навбатида, қоғозда қолиб кетган масалаларнинг ижобий ечимига зарур шароит яратади.

Ойбек Эгамов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Президентимизнинг “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деган сўзларидан келиб чиқиб, халқ билан ҳамнафас бўлган ҳолда аҳоли ва электорат ўртасида юртимизда либераллаштириш ва демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, амалий ташаббус ва илғор демократик ғояларни етказиш ва сингдиришни ҳаётий зарурат, олий бурч сифатида эътироф этишимиз билан бирга юртимиздаги ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари маърузаларида бу борада амалга оширишимиз лозим бўлган қатор вазифалар ҳамда йўл қўйилган камчиликларни очиқ айтиб ўтдилар. Хусусан, парламент аъзоларининг халқ билан чуқур мулоқот ўрнатиши, ҳар ойда 10-12 кун мобайнида ҳудудларни комплекс ўрганиб, жойлардаги муаммоларни ҳал этиши бўйича йўлга қўйилган амалиётнинг ўтган даврдаги натижаларига баҳо берар экан, бу борада йўл қўйилган камчиликлар ва фойдаланилмаган имкониятлар ҳақида тўхталди.

  Ҳақиқатдан ҳам қонунчилигимизда парламентга, сиёсий партияларга, депутатларимизга ўз фаолиятини самарали олиб бориш учун кўплаб ваколатлар берилган бўлишига қарамай ундан самарали фойдалана олмаяпмиз. Айниқса, депутат сўрови институтдан депутатларимиз ўз вақтида тўғри фойдалана олмаяпти. Президентимиз бу борада депутат сўровларига жавоб бермаслик ҳолатларига нисбатан қонунчилигимизда тегишли масъулиятни ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, маърузада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қонунчилик борасидаги ташаббуслари етарли эмаслиги, ўзи сайланган сиёсий партия ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан алоқалари сустлиги тўғрисида билдирилган ўринли эътирозлардан ҳам хулоса чиқардик. Ҳақиқатдан ҳам партиямиз фракцияси аъзолари жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаолларидан тортиб то бошланғич партия ташкилотларигача бўлган жараёнда узвий боғлиқлик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари сустлигини яна бир бор ҳис қилдик. Бунинг натижасида аҳоли мурожаатларини ўрганиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш борасида амалий ишларимиз кўзга ташланмади.

Дарҳақиқат, агарда депутатларнинг ўз ваколатларидан фойдаланишлари натижасида жойларда бирор-бир муаммо ўз ечимини топмас экан, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесда, фермерликда каттами-кичикми бирор-бир фойда берадиган ишлар узил-кесил ҳал бўлмас экан рақамлар рақамлигича қолиб кетаверади.

Президентимиз куйииб гапирганларидек, “озгина вақт ўтса, бу масала ўзи ҳал бўлади”, “бу – Ҳукуматнинг иши” деган қарашлардан бутунлай воз кечиб, бизларга берилган ишонч ва ваколатдан унумли фойдаланишимиз, халқимизнинг чинакам вакилига айланмоғимиз даркор.

Одинахон Жамолдинова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузасида кадрлар билан ишлаш борасидаги муаммолар сиёсий партиялар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатаётганлиги алоҳида таъкидланди. Сиёсий партияларга кадрлар қаердан келаётганлиги, уларнинг билими, савияси, тажрибаси, жамоатчилик ўртасидаги обрўси қандай эканлиги билан ҳеч ким қизиқмаётганлиги танқид қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, сиёсий партияларнинг кадрлар билан ишлаш тизимида бир қатор муаммолар бор эди. Сиёсий партияга келаётган кадрларнинг сиёсий уқуви пастлиги, уларнинг илгари сиёсат билан шуғулланмаганлиги бўлса, иккинчидан партия тизимида уларни сиёсий билимларини кучайтиришга имконият йўқ эди.

Ҳозирги кунгача фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқарув академиясидагина ёш кадрларнинг сиёсий билимини, саводхонлигини ошириш масаласига эътибор қаратилиб, жойлардаги партия вакиллари бундан четда қолиб кетаётган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан партияларнинг истиқболли ёшларни тарбиялаш мактаби ҳамда партия ходимларининг малакасини ошириш мақсадида вилоятлардаги олий ўқув юртлари қошида малака ошириш ўқув курсларини ташкил этиш бўйича таклифи барча партиялар томонидан қўллаб-қувватланди.

Дарҳақиқат, партияни партия қиладиган бу – кадр, партияга эса ҳар томонлама сиёсий етук кадрлар керак.

Бугун сиёсий партиялар фаолиятига қизиқадиган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Шу боис уларни сиёсий партияларнинг ҳақиқий ворислари этиб тарбиялашимиз керак.

Партияларнинг истиқболли ёшларни тарбиялаш мактабини туман, шаҳар, вилоят кенгашлари ва партиянинг Марказий Кенгаши ҳузурида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, партиямизнинг “Ёш партия етакчилари-келажак кадрлари” лойиҳасини янги ғоялар билан бойитиб, янада такомиллаштирган ҳолда жойларда катта уюшқоқолик билан ўтказиш лозим.

Ушбу мақсадларни амалга оширишда бизнинг олдимизда партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини тубдан ўзгартириш, истиқболли ёшларни тарбиялаш мактаби дастури ва режасини ишлаб чиқиш, услубий қўлланма ва рисолалар тайёрлаш ва чоп этиш, ёшлар орасидан партия фаолиятига қизиқадиган, унинг ғоялари ортидан эргашадиганларини излаб топиш, машғулотларга депутатлар, сиёсатчилар, тарихчилар, бошқарув соҳаси вакиллари ҳамда партия фаолиятига доир катта тажрибага эга бўлган мутахассисларни жалб этиш, машғулотларни замонавий технологиялар воситасида ташкил этиш каби долзарб вазифалар туради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг