Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 22/09/2017 O‘zLiDeP депутатлари аҳоли муаммоларига бефарқ эмас
O‘zLiDeP депутатлари аҳоли муаммоларига бефарқ эмас
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугунги кун депутати ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараши, уни зийрак кузатиши керак. Қайсидир ҳудудда аҳолини ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммолар бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги зарур. Зеро, депутатни халқ сайлаган, у сайловчиларнинг чинакам хизматкори бўлмоғи лозим.

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашига сайланган депутат Умид Тошбоев ҳам халқнинг ишончли вакили сифатида аҳоли муаммоларини биринчи бўлиб ўрганмоқда, уларнинг ечимини таъминлашга ҳаракат қилмоқда, қайғурмоқда.

Яқинда унга “Ишонч” маҳалласи “Ёшлар” кўчасида яшовчи фуқаролардан ҳудуддаги 2,5 км масофадаги қувирларни таъмирлаш бўйича мурожаат келиб тушган эди. Халқнинг ишончли вакили мазкур масала бўйича депутатлик сўрови билан вилоят “Сувоқова” ташкилотига чиқди. Унинг ташаббуси билан муаммо тез орада ижобий ҳал этилди.

Бироқ бугунги кунда ушбу ҳудудда ечимини кутаётган яна бир муаммо мавжуд. Яъни, 1,5 км узунликдаги “Ёшлар” кўчасининг асосий кириш йўли таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Халқнинг ишончли вакили ташаббуси билан бу масала бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юборилди. Аммо айрим мансабдорларнинг ўз лавозимига лоқайдлиги боис ҳозирга қадар депутатлик сўрови жавобсиз қолмоқда.

–Кўчамизда 60 та хонадон истиқомат қилади, –дейди “Ёшлар” кўчасида яшовчи Содиқжон Дўсматов. – 2002 йилда янги уй-жойлар қуриб кўчиб келган эдик. Бироқ орадан шунча вақт ўтишига қарамай ҳозирга қадар йўл таъмири, ичимлик суви ҳамда электр трансформаторлари билан боғлиқ муамолар ҳал этилмаяпти. Тўғри, бу масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлиги, прокуратура органларига мурожаат қилганмиз. Лекин улар: “яқин кунларда ҳал этиб берамиз” дейишдан нарига ўтмаяпди. Амалий натижадан эса ҳалигача дарак йўқ. Шу боисдан бу масала бўйича депутат Умид Тошбоевга мурожаат қилдик. Шукрки, унинг ташаббуси билан неча йиллик орзуйимиз рўёбга чиқди.

Албатта, масалага ечим топиш депутатлик фаолиятининг асосини ташкил қилади. Бунда энг муҳим омил фуқароларнинг мурожаатини тинглаш эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, шаҳар Кенгаши депутати Абдураҳим Мадрайимов ҳам ўз депутатлик фаолияти мобайнида Гулистон шаҳридаги “Боғишамол” маҳалла аҳолисидан тушган мурожаатларни ўрганишни асосий қилиб белгилаган.

–Шу маҳалладаги 9-сонли кўп қаватли уйда истиқомат қиламан, дея мавжуд муаммо ҳақида сўз бошлади Али Ханвалиев. – Уйимизнинг конализация тармоғи бутунлай ишдан чиққан. Шунингдек, 10-11-сонли уйларда ҳам шу муаммо. Натижада ертўлалар ҳам сизот сувларга тўлмоқда. Айни ёзнинг иссиқ кунларида бошланган бундай нохуш вазият бугунга қадар бизни қийнаб келмоқда. Ушбу масалада аҳоли билан биргаликда шаҳар ва вилоят ҳокимлигига ёзма, оғзаки мурожаатлар қилдик. Лекин натижа бўлмади. Ҳайрият депутатимиз жонбозлиги билан муаммо тезда ечим топди.

Ҳа, бугун O‘zLiDeP депутатлари халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, оддий одамларнинг дарду-ташвишлари билан яшамоқда. Уларнинг жонбозлиги боис, неча йиллардан буён одамларни қийнаб келаётган муаммолар қисқа фурсатда ижобий ҳал этилмоқда.

Махфират Худойбердиева,
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати раҳбари

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг