Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 27/09/2016 O‘zLiDeP аъзоларидан туман ва шаҳар конференцияларига делегатлар сайланмоқда
O‘zLiDeP аъзоларидан туман ва шаҳар конференцияларига делегатлар сайланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Самарқанд вилоятида 1060 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд бўлиб, ҳозирда ушбу таянч бўғинларининг 336 тасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда уларда туман (шаҳар) конференцияларига делегатлар сайлаш бўйича умумий йиғилишлар ўтказилди.

Самарқанд туманидаги “Истиқлол шуласи” фермер хўжалиги қошидаги қуйи бўғин ташкилотида ҳам ана шундай йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Президентилик сайлови тобора яқинлашмоқда. Шу боисдан ушбу сиёсий жараён муносабати билан сайловга тайёргарлик ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, бунда БПТ етакчиларининг билимларини ошириш, кенг жамоатчилик орасида тарғибот ишларини самарали йўлга қўйиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

– Бўлажак сайлов биз учун яна бир ўзига хос синов вазифасини ўтайди,– дейди қуйи бўғин раиси Бахтиёр Одилов. – Чунки қонун доирасида сайловчилар билан ишлаш, номзоднинг сайловолди дастури билан таништириб боришда партия фаоллари ташаббусни ўз қўлига олиши мақсадга мувофиқ. Шу маънода, тарғибот тадбирлари бошланиши билан бу масалага биринчи галдаги вазифа сифатида қарашимиз лозим. Зеро, Ўзбекистон Президенти сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш ва мазкур сиёсий жараёнга қизғин тайёргарлик кўриш, албатта, партиянинг энг қуйи бўғинидан бошланади.

Тадбир давомида, сўзга чиққанлар, юртимизнинг мустақилликка эришиши ва миллий давлатчилигимизнинг тикланиши, ўтган йигирма беш йилда барча соҳаларда қўлга киритилган оламшумул ютуқ ва муваффақиятлар, шунингдек, мамлакатда халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳоли ўртасида мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, партиянинг электорат орасига кириб боришида қуйи бўғин аъзолари фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Қизғин бахс мунозараларга бой тарзда бўлиб ўтган мазкур тадбирда бошланғич партия ташкилоти раиси Бахтиёр Одилов партия туман кенгаши конференциясига делегат этиб сайланди.

O‘zLiDeP Самарқанд шаҳар Кенгаши таркибига кирувчи бошланғич партия ташкилотларида ҳам умумий йиғилишлар уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Бугунги кунда партия шаҳар кенгаши қошида 126 қуйи бўғин 3306 нафар маслакдошларни бирлаштирган.Айни пайтгача қуйи бўғиннинг 30 дан ортиқ тузилмаларида ушбу йиғилишлар бўлиб ўтди. Хусусан, “Самарқанд-транс” марказида фаолият кўрсатиб келаётган бошланғич партия ташкилотида бўлиб ўтган умумий йиғилишда мамлакатимизда жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланганлиги, бу ўз навбатида, партия фаолларини ҳам масъулиятни янада оширгани, энг муҳими, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларда партия ҳам муносиб иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаганидек, истиқлол йилларида юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий соҳаларда асрга татигулик ютуқлар қўлга киритилди. Буни Самарқанд шаҳрида ўтган давр мобайнида қад ростлаган замонавий турар жойлар, коллеж ва мактаблар мисолида ҳам кўриш мумкин. Албатта, буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида, уларнинг бевосита ташаббуси ва ёрдами билан амалга оширилди.

– Жорий йилнинг 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш қуйи бўғинлар зиммасига ҳам алоҳида маъсулият юклайди, – дейди бошланғич партия ташкилоти раиси Бахтиёр Шодмонқулов. – Шу боисдан биз ҳам мамалакатимизда сайлов кампанияси бошланганлиги муносабати билан бўлажак сайловда муносиб иштирок этиш учун сайловолди чора-тадбирларини режасини белгилаб олдик. Ўйлайманки, бўлажак Президентилик сайлови келажакда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган ислоҳотларнинг давом эттириш, янада юқори босқичга кўтарадиган, юртимизда тинчлик-осойишталикнинг таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим дастуриамал бўлиб хизмат қилади.

Йиғилишда шунингдек, сайлов кампанияси даврида қуйи тузилма фаолиятини кучайтириш, депутатлар билан қуйи бўғин ҳамкорлигида олиб бориладиган тарғибот ишларда аниқ натижаларга эришиш, сайловни уюшқолик билан ўтказиш мақсадида зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш каби қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилиш сўнгида тадбир иштирокчилари партия шаҳар ташкилоти конференциясида иштирок этувчи энг муносиб вакиллар учун овоз бердилар.

O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг