Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 17/04/2023 Озиқ-овқат тармоқлари бўйича таклифлар тақдимот қилинди
Озиқ-овқат тармоқлари бўйича таклифлар тақдимот қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл ва арзон бўлишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Фермер ва тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда.

Хусусан, 2022 йилда чорвачиликда 1 минг 400 та лойиҳа амалга оширилиб, қорамоллар сони 14 миллион, қўй-эчкилар сони 24 миллион бошга етган. Паррандачилик хўжаликлари сони 1 минг 300 тани ташкил этиб, тухум етиштириш 4 фоиз, гўштда 28 фоиз ошган. Балиқчилик йўналишида 290 та лойиҳа амалга оширилиб, 502 минг тонна тансиқ гўшт етиштирилган. 27 минг тонна асал етиштирилди.

Шу билан бирга, бу тармоқларда озуқа ва ер етишмаслиги, айланма маблағлар билан боғлиқ бир қанча муаммолар бор. Шу боис соҳа вакилларининг фикрлари ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилди.

Йиғилишда мутасаддилар мазкур тармоқларда жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди.

Хусусан, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан ҳудудларда сут йиғиш марказлари ташкил этилади. Уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилади.

Кластерлар томонидан 64 та чорвачилик комплекси барпо этилади. Жаҳон банкининг маблағлари жалб қилиниб, чорва молларини идентификация қилиш тадбирлари бошланади.

Паррандачидлик хўжаликларига озуқа ва айланма маблағлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 35 миллион доллар йўналтирилади. Мазкур кредитлар самарадорлигини “Паррандасаноат” уюшмаси кузатиб боради. Наслли жўжалар импортини қўллаб-қувватлаш учун субсиядия миқдори оширилади.

Буларнинг натижасида парранда гўшти етиштириш ҳажмини йилига 800 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Балиқчилик учун ҳам бир қатор қўшимча имкониятлар белгиланмоқда. Хусусан, бундан буён табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали бўлади. Тармоқда 241 та, жумладан, креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида балиқчилик лойиҳалари учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади.

Буларнинг эвазига жорий йилда 850 минг тонна балиқ етиштириш мумкинлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари табиий кўллар ва дарёларда балиқ овлаш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг бўйида маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қиладиган экотуризм масканлари барпо этиш зарурлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги экинларини асалари билан чанглатиш кўламини ошириш вазифаси қўйилди. 50 минг гектар боғ ва 200 минг гектар дала четларида асалари уяларини жойлаштириш, қўшимча шароитлар яратиб, аҳолини асалчиликка жалб этиш чоралари белгиланди.

Президентимиз бу тизимларни такомиллаштириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг