Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 19/09/2024 ОТБнинг Ўзбекистонда молиявий ривожланишни ва инклюзивликни кучайтириш дастури

ОТБнинг Ўзбекистонда молиявий ривожланишни ва инклюзивликни кучайтириш дастури

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон Ҳукуматининг банк хизматлари билан қамраб олинмаган ёки етарли даражада қамраб олинмаган микрокорхоналарнинг молия олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича чораларини қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион АҚШ доллари миқдорида секторни ривожлантириш дастурини маъқуллади, бу эса мамлакатда барқарор ва инклюзив ўсишга имконият яратади.

“Инклюзив ва барқарор микромолиялаш сектори Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратилишининг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланмиш микро ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун муҳим аҳамиятга эга”, деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. “ОТБ кўмагида амалга оширилаётган молиявий ислоҳотлар Ўзбекистон Ҳукуматининг давлат банкларини тижоратлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ислоҳотлар микромолия ташкилотларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради ва натижада улар фермерлар, микро-ва кичик корхоналар (МКК) эҳтиёжларига яхшироқ хизмат кўрсатиши ва молиявий барқарорликка ҳисса қўшиши мумкин”.

Инклюзив молия секторини ривожлантириш дастурининг 1-кичик дастури инклюзив молияни ривожлантириш учун сиёсат муҳитини яхшилаш, молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг институционал салоҳиятини ошириш ва микромолия бозори ўсишини таъминлаш учун молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш бўйича таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

“Ушбу қарз орқали ОТБ тадбиркорлар учун, хусусан, аёллар учун молиявий маҳсулотлар ва хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бу уларнинг ҳаётини яхшилашга ёрдам беради”, деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси Директори Канокпан Лао-Арайа. 

Мамлакатнинг молия секторида давлат тижорат банклари устунлик қилади, инклюзив молияни тақдим этувчи микромолия ташкилотлари эса банк тизимининг атиги 0,5 фоизини ташкил қилади. "Global Findex"нинг 2021 йилги маълумотларига кўра, вояга етган Ўзбекистонликларнинг фақат 44 фоизи расмий молия институтларида ҳисоб рақамларига эга, бу эса Марказий Осиёдаги ўртача 58 фоизни ташкил этувчи минтақавий қўрсаткичдан анча паст. 

Тижорат микромолиялашнинг юзага келаётган янги даражаси кичик ва ўрта корхоналар (КЎК) учун инклюзив молиялаштириш бозорида сезиларли кредит бўшлиғини яратди. ОТБ кўмаги ҳукуматга кредит бўшлиғини бартараф этиш, инклюзив молия тизимини кенгайтириш ва мамлакатнинг тараққиет режаси бўлмиш "Ўзбекистон 2030" стратегиясига мувофиқ барқарор ва инклюзив ўсишни рағбатлантиришга ёрдам беради. 

ОТБ Ўзбекистон банк секторининг стратегик ҳамкори ва инвестори бўлиб, КЎК секторини барқарор қўллаб-қувватлашга стратегик жиҳатдан йўналтирилган асосий давлат ва хусусий банклар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга 12.5 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг