Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 19/11/2024 ОТБ Ўзбекистонда яшил иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш учун 250 миллион долларлик кредит ажратишни маъқуллади

ОТБ Ўзбекистонда яшил иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш учун 250 миллион долларлик кредит ажратишни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматининг иқлимга мослашиш мақсадида институционал тизимини мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши бўйича устувор йўналишлар ўртасидаги боғлиқлик ва алоқадорликни мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш чораларини тезлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 250 миллион АҚШ доллари миқдорида сиёсат чораларига асосланган қарзни маъқуллади.

Иқлимга ўтиш жараёнини тезлаштириш дастури Ўзбекистон ҳукуматини уч ислоҳот йўналишида қўллаб-қувватлайди: муассасаларни ва давлат молия бошқарувини мустаҳкамлаш; сув ва ер ресурслари бошқаришда, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий ҳимоя тизимларида иқлимга чидамлиликни ошириш; транспорт ва энергетика каби тармоқларда кам углеродли иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш.

ОТБнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи дастурий чораси сифатида мазкур дастур янгиланган Миллий даражада белгиланадиган ҳиссага (НДC), Яшил иқтисодиётга ўтишнинг 2030-йилгача бўлган стратегик асоси ва ОТБнинг 2024–2028 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон учун Мамлакат билан ҳамкорлик стратегиясига мос келади.

“Дастур, айни пайтда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, иқтисодиётни карбонсизлантириш ва табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга устувор аҳамият беради”, деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. “Ўзбекистон иқтисодиёти энергияни энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар сирасига киради, шу боис дастур ҳукуматнинг 2030-йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бунда, камайтиришга қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш орқали эришилади”.

"Ўзбекистоннинг сув ресурслари иқлим ўзгариши ва самарасиз фойдаланиш туфайли жиддий хавф остида", – деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арайа. "Ушбу дастур сув хавфсизлигини таъминлаш ва мўрт экотизимларга таҳдид солаётган чўлланишнинг тезлашиишига қарши курашиш учун иқлим ўзгаришини инобатга олган ҳолда суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув ресурсларини ақлли бошқаришга инвестицияларни рағбатлантирадиган қонунчиликнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди."

“Дастур сиёсатни мувофиқлаштиришни такомиллаштириш, бюджет ресурсларини мақсадли тақсимлаш ҳамда иқлим билан боғлиқ харажатлар ва кўрсаткичлар учун мониторинг ва ҳисобдорликни кучайтириш орқали иқлим ўзгариши билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ҳукумат салоҳиятини ошириш учун ишлаб чиқилган”, деди ОТБнинг Давлат сектори бўйича бош мутахассиси Ханиф Рахемтулла.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга фаровон, инклюзив, чидамли ва барқарор келажакка эришиш учун 12,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 69 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг