Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 27/01/2019 Оролнинг қуриган тубидан чучук сув топилди
Оролнинг қуриган тубидан чучук сув топилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мўйноқдан 200 км, Нукусдан 400 олисда, Возрождение оролининг Шағала деб номланувчи жойида, яъни Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди. Жорий йил 26 январь куни сув кўзининг топилиши муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Унга қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мўйноқликлар ҳамда Оролнинг қуриган тубида меҳнат қилаётган ҳашарчилар қатнашди.

Оролнинг қуриган ҳудудига жорий йилда 500 минг гектар ерга саксовул экиш белгиланди ва ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларидан мингдан ортиқ ишчилар, туман аҳолиси ушбу тадбир билан банд. 2018 йил 27 ноябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкил қилинди. Мўйноқда йирик қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Юртимизда шундай хуш хабарлар садоси остида байрам шукуҳи ҳукм суриб турган бир пайтда, Оролнинг қуриган тагидан сув отилиб чиқиши бутун халқимизни чексиз қувонтирмоқда.

Ушбу чучук сув Жанубий Орололди артезиан бассейнининг Бор даври ётқизиқларидан, яъни 260-280 метр теранликдан топилди. Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил қилаётган бу сувнинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг.

4-5 та ярусдан ташкил топган Бор даври ётқизиқларининг пастки қатламларидаги жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари термал ва минераллашган бўлиб, шифобахш хусусият касб этади. Бу каби 47-50 градус иссиқликдаги сувлар Қозоқдарё, Қораўзак, Чимбой ҳудудларида мавжуд.

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни Возрождение ороли, Сургил, Ахантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очиш режалаштирилган. Бу биринчиси бўлиб, сув кўзларининг очилиши Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида чорвачиликни ривожлантиришга замин яратади. Шунингдек, 2021-2023 йилларда Жанубий Оролнинг қуриб қолган қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ишлари олиб борилиши ҳам алоҳида дастур сифатида қабул қилинган.

Манбаа: ЎзА

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг