Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 09/01/2023 Она бўлақолгин менга, Табиат!
Она бўлақолгин менга, Табиат!

Иқлим ўзгариши Марказий Осиёда тоғларидаги музликларга жиддий таъсир қиляпти. Эриган музлар ўрнига янгилари ҳосил бўлиши секинлашган, бу эса келгусида ёз ойларида бизни янада жиддийроқ сув тақчиллиги кутаётганидан дарак беради.

Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллигининг вужудга келишига иккита омил таъсир ўтказмоқда. Биринчиси, бу иқлимнинг ўзгариши бўлса, иккинчиси, аҳоли сони ошиб боришидир.

Иқлим ўзгариши оқибатида сув ресурслари ҳосил бўлиш жараёни ўзгариб бормоқда. Жазирама иссиқ туфайли меъёридан ортиқ буғланиш ҳосил бўлиши бунга бир сабаб бўлса, тоғлардаги мавсумий сув захиралари йилдан йилга камайиб бораётгани иккинчи муҳим омилдир.

“Ўзгидромет”нинг кузатув маълумотларига асосланган ҳолда олиб борган илмий ишларимиз натижасига кўра, биргина Тошкент шаҳрида охирги 100 йил ичида июль ойидаги максимал ҳаво ҳарорати қарийб 2° С га ошган. Бу жуда катта кўрсаткич ва ҳудудимиздаги сув ресурслари ҳосил бўлиш жараёнига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бир неча йилдан буён кўп маърузаларимда келажакда июль-август ойларида сув ресурслари кескин камайиб кетиши тўғрисида гапириб келаман. Ҳозир шу жараённинг бошланғич нуқтасида турибмиз. Мақсадим – салбий маълумот тарқатиш эмас, балки илм-фан орқали аниқлик киритишга муваффақ бўлинган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш. Умуман олганда, муаммони яшириш унга қадам қўйиш билан тенг бўлади.

Ўз навбатида, юқоридаги иккинчи омил биринчи омил билан боғлиқ. Яъни аҳоли сони кўпайиб борар экан, сувга хам талаб ортиб бораверади. Сув миқдори камайиб кетаётган бир пайтда унга бўлган талаб аҳоли сонининг кўпайиши оқибатида ошиб бораверса, сув тақчиллиги янада яққол муаммо сифатида намоён бўла бошлайди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги секторидан олинадиган даромад умумий ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 25 фоизини ташкил қилади. Республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ёз ойлари қуруқ ва ёғингарчиликсиз кечиши боис, суғориш тизимига қаттиқ боғланган. Мана шу фактнинг ўзи ҳам сув ресурсларининг аҳамияти қай даражада муҳимлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги сектори аҳолининг тахминан 25-30 фоизини иш билан таъминлайди. Бундан келиб чиқилса, сув ресурслари нафақат озиқ-овқат хавфсизлигига, балки аҳоли бандлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон учун ягона йўл келажакда бизни кутаётган сув ресурслари билан боғлиқ шароитга вақтида тайёрланишдир.

Бунинг учун бир қанча иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияларини қўллаш мумкин ва аминманки бу каби ишлар ҳукумат томонидан ҳам амалга ошириляпти. Биргина мисол бу – томчилатиб суғоришни республика миқёсида кенг қўллаш ташаббусидир. Келажакда йилдан йилга жазирама иссиқ бўлган июль-август ойларида сув камайиб кетиши кутилаётган экан, сувни ҳозирдан иқтисод қилиб ишлатишни ўрганишимиз керак. Бунинг учун катта инвестиция керак ва жуда кўп ишларни амалга ошириш лозим, лекин сувни иқтисод қилмасдан туриб 20-30 йилдан кейин хам худди бугунгидек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштира оламиз деб айтиш қийин.

Охирги йилларда кузатилаётган аномал иссиқ тоғ музликларига жуда жиддий таъсир кўрсатмоқда. Музликларнинг эриши ва ўзини қайта тиклаш массаси бўлади ва бу одатда “0” атрофида бўлиши керак. Афсуски, Марказий Осиёдаги музликлар эриши ва ўзини тиклаш баланси охирги йилларда салбий кўрсаткичга эга бўлиб бормоқда.

Бу ўз навбатида Марказий Осиё тоғларидаги кўп йиллик сув захираси кескин камайиб бораётганидан далолат беради.

Кўп одамларга иқлим ўзгариши оқибатида сув камаймоқда, деб айтасиз, лекин улар дарёларда сув кўп-ку деб жавоб қайтаришади. Айнан ҳозирги кунларда баъзи дарёларда меъёридан кўп сув миқдори бўлишини иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсири деб олсак хато бўлмайди. Чунки тоғларда йилдан йилга керагидан кўп муз эриб бормоқда ва шунинг ҳисобига дарёлар музликлар эриш даврида (июл-август) сувга тўйинган. Лекин музликларнинг ҳам ўз максимал эриш нуқтаси бор. Ўша нуқтагача улар меъёрдан ортиқ сув ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Аммо агар бу нуқтадан ўтиб кетиладиган бўлса, музликлар эриши туфайли ҳосил бўладиган сув миқдори кескин даражада камайиб кетади.

Сув ресурслари қимматли захира эканини эътиборга олган ҳолда барча Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда ундан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш керак бўлади. Бу каби тавсиялар осонликча айтилса-да, лекин амалга ошириш – жуда катта вазифа. Шунга қарамай, Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда келажак учун тайёргарлик кўриш.

Иқлим ўзгаришининг нафақат сув миқдори камайиб кетишига таъсири бор, бундан ташқари келажакда табиий офатлар кўпайишига олиб келиш эҳтимоли ҳам катта. Бунга жорий йилнинг апрел-май ойларида республика ҳудудида кузатилган сув тошқини ва селларни мисол қилиб келтириш мумкин. “Ўзгидромет” маълумотларига кўра, 2022 йилда сел тошқинлари сони рекорд даражага етган. Бунинг оқибатида катта миқдорда иқтисодий йўқотишлар бўлди, мисол тариқасида йўлларни ва бошқа инфраструктура тизимларини тиклашга кетган харажатларни айтиш мумкин.

Иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига тайёргарлик кўрар эканмиз, табиий офатларнинг олдини олиш ва таъсирини камайтиришни ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, табиий офатлар таъсирини камайтиришга қаратилган 1 доллар инвестиция, табиий офатлар туфайли юзага келган иқтисодий таъсирнинг камида 3 доллар қийматга тенг миқдорини иқтисод қилиши мумкин. Шунинг учун йилдан йилга сони ошиб бораётган табиий офатларга тўғри тайёргарлик кўриш керак бўлади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг