Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 04/02/2023 Она бўлақолгин менга, Табиат!
Она бўлақолгин менга, Табиат!

Глобал ҳаво исишининг оқибатлари бутун жаҳонда экологик инқирозни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида экологлар бонг урмоқда. Дунё океанининг қутб музликларининг интенсив равишда эриши натижасида 0,5–1,0 метрга кўтарилиши қирғоқ бўйларида жойлашган аҳоли пунктлари, унумдор ерларнинг сув остида қолиш хавфини туғдиради. Шунингдек, экстремал иқлимий ҳолатлар, яъни ўта иссиқ ёзлар, ёғингарчиликнинг аввало кўпроқ бўлиши, кейин эса қурғоқчиликнинг юзага келиши, тўфон, цунами, сел, сув тошқинларининг кўпайиши кутилаётган муаммоларнинг бир қисми, холос.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг фикрича, иқлимдаги ўзгаришлар дунёнинг барча океан ва қитъаларидаги табиий тизимларда сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлаётир. 2016 йилдан 2035 йилга қадар сайёрамизда ҳарорат тахминан 0,7 даража, 2081 йилга бориб эса, 1986 — 2005 йиллардаги кўрсаткичга нисбатан қиёслаганда, қарийб 2 даража кўтарилиши кутилмоқда. Натижада доимий музликларнинг эриш жараёни тезлашиб, океанлар сатҳи юксалади. Хусусан, 2081 — 2100 йилларда уммон сувлари сатҳи 1986 — 2010 йиллардагига нисбатан 0,58 дан 0,98 метргача кўтарилади. Бу эса, ўз навбатида, тошқинлар кўпайишига, ер кўчкилари ва эрозияга, балиқлар ҳамда қуруқликдаги жонзотларнинг пала-партиш миграциясига сабаб бўлади. Иқлим ўзгариши озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, 2050 йилга бориб, маккажўхори, гуруч ва буғдой етиштириш ҳажми 25 фоизгача қисқариши башорат қилинмоқда. Иқлим ўзгариши ўзида одамлар соғлиғига сезиларли янги таҳдидни ифода этади ва бизнинг заиф популяцияларни қандай қилиб ҳимоя қилишимиз лозимлиги ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартириб юборади. Иқлим ўзгаришлари билан келиб чиққан глобал исиш соғлиқнинг айрим энг муҳим негиз шароитлари: сув, ҳаво муҳити ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан салбий оқибатларга эга эканлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Рақамларга мурожаат этсак. Сайёрамиз аҳолисининг ҳаёти бевосита тупроқ унумдорлиги билан боғлиқ бўлганлиги туфайли, айни пайтда 40% ерлар тупроқ эрозияси оқибатида деградацияга учраган. Тупроқ унумдорлиги пасайиб, ҳосилдорлик 50%га камайган. БМТ нинг маълумотларига кўра, тез орада, инсоният бугунги кунда фойдаланадиган ерларнинг тўртдан уч қисмини йўқотиши мумкин. Глобал муаммолардан яна бири инсониятни чучук сув билан таъминлашдир. Сўнгги 100 йилда сув истеъмоли 7 фоизга ошиб, ҳар бир инсон учун ажратилиши мумкин бўлган чучук сув ҳажми 60%га қисқарган. Кейинги 25 йил ичида сувнинг заҳиралари яна 2 маротабага камайиши кутилмоқда. Амазонка, Миссисипи, Дунай, Волга, Днепр, Сирдарё ва Амударё каби дарёларнинг экотизими аянчли аҳволда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, уларни тозалашга йилига 60 млрд. доллар миқдорда маблағ сарфланиши лозим.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб экология билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг сони кўпайди. Масалан, сув ҳавзаларига таркибида симоб бўлган чиқиндиларни ташлаш оқибатида руҳий носозлик билан туғилаётган болаларнинг сони кўпаймоқда. Сўнгги 40 йилда дунё аҳолиси 3 дан 7 миллиардга ўсди. Кунига аҳоли сони 200000 нафар одамга кўпайишини инобатга оладиган бўлсак, 2050 йилга келиб аҳоли сони 9 млрд.га етади. Экомуаммолар аҳоли саломатлигига, хусусан, аёллар ва болалар соғлигига таъсир қилиб, аҳоли орасида атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Минтақада генофонднинг салбий ўзгариш тенденцияси кузатилмоқда. Ҳиндистонда бир кунда ўртача 1000 нафар бола тозаланмаган сувни истеъмоли натижасида диареядан халок бўлади. 2011 йилдаги цунамидан сўнг Тинч океанига 11 млн. литр радиоактив сув тўкилган. Бир ҳафтадан кейин қирғоқдан 80 км. узоқликда радиоктив зарарланган балиқларни тута бошлашган. Бундай балиқлар сони бугун Дунё океанига тарқалган ва аҳолида саратон касалликларини келтириб чиқара бошлаган. Инсон фаолияти натижасида чиқиндилардан ажралаётган кадмий бутун Ер юзида тарқалиб, у инсон организмида ҳужайраларни бирин кетин- ҳалок қилади ва мутацияга олиб келади, чунки йилига дунё океанига 7 млрд. кг. пластик ташланади. 1995 йилда ишлаб чиқарилган автоуловлар 2010 йилдагига нисбатан 38 маротаба кўп заҳарли газларни атмосферага чиқаради. Йирик шаҳарлардаги автомобиль ва саноат гази, тутунларидан йилига 400 минг одам халок бўлиб, 1200 минг нафар одам касалликларга чалинади. Тозаланмаган ичимлик сувидан ҳар 8 сонияда бир нафар бола ҳалок бўлади.

Дунёдаги ҳар саккизинчи ўлим ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ. Чўлланиш натижасида тегишли ҳудудларда яшайдиган 90 фоиз аҳоли фаровонлиги пасаяди. Болалар ўртасида ўлим кўпайиб 1000 болага 54 нафарни ташкил этади. Бу сувли ҳудудларда яшайдиган болалар ўртасидаги ўлимга нисбатан 10 фоизга кўп. Бугунги кунда Ер шарининг 41 фоизи чўлланишга мойил. Уларда 2 млрд. нафар аҳоли яшайди. Уларнинг соғлиқ кўрсаткичи бошқаларга нисбатан 12-15 фоиз паст ва касалга тез чалинувчан. Йилига дунёда 200 минг тонна кимёвий моддалар ишлаб чиқарилади. Ишда ва уйда улар билан ёнма ён бўлиш ҳомиладор аёллар ҳомиласига салбий таъсир кўрсатиб, боланинг касал туғилишига олиб келади (аллергик, ошқозон ичак касалликлари, мия саратони ва ҳоказо). Саноат ҳудудларида аёллар ўртасида юрак хуружлари 3, 4 маротаба кўп содир бўлади. Албатта буларнинг барчаси инсондан бугунги кунда ҳар бир қадамини ўйлаб босиши зарурлигини кўрсатмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг қарорига асосан аҳоли соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган глобал иқлим ўзгаришидан ҳимоя қилишнинг узоқ муддатли фаол дастурини амалга оширмоқда. Ташкилот БМТнинг ушбу глобал муаммога умумий жавоб чоралари доирасида соғлиқни сақлаш секторини ифода этади. 2008 йилда Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 61-сессиясида ЖССТга аъзо-давлатларга одамлар соғлиғини ўзгараётган иқлим таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топшириғи берилган эди.

Иқлим ўзгаришлари – хусусан об-ҳавонинг ўзгарувчанлиги айниқса юрак-томир, нафас олиш йўли ва юқумли касалликлар билан касалланганларга ёмон таъсир кўрсатади. Ёғингарчиликлар ёғишининг борган сайин ўзгариб бораётган модели чучук сув заҳираларини шаклланишига таъсир кўрсатиши мумкин. Бутун дунёда сув етишмаётганини бугунги кунда ҳар ўн кишидан тўрттаси сезмоқда. Сувнинг етишмовчилиги гигиена ва соғлиқ учун хавф туғдиради. Бу ҳар йили 2,2 млн.га яқин одамнинг ёстиғини қуритувчи ич кетиш (диарея), шунингдек трахома (кўрликка олиб келиши мумкин бўлган кўз инфекцияси) ва бошқа касалликларни ривожланиш хавфини оширади. ЖССТ маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган касалликлар жабрининг 85%дан кўпроғи ривожланаётган мамлакатлар болаларига тўғри келади. Сув тошқинлари ва экстремал ҳароратлар натижасида жароҳатлар ва ўлим, ҳавонинг ифлосланиши натижасида борган сайин кенгроқ тарқалаётган кўксов (астма) ва нафас йўллари касалликлари, шунингдек иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган ич кетиш, безгак ва озиқ-овқатни етишмаслиги болалар ҳаётига таҳдид солмоқда. Иқлим шароитлари сув ва чивин каби ташувчилар орқали ўтадиган касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ўсимликлардаги гулчанглар ва бошқа аллергенларнинг мавжудлик даражаси ҳавонинг юқори ҳароратларида ошиб боради. Бу дунёда 300 миллионга яқин одам азият чекаётган кўксов (астма)ни келтириб чиқариши мумкин. Ҳар йили миллионлаб одамлар озиқ-овқат етишмаслиги сабабли – тирикликни сақлашга зарур бўлган озуқа моддалари танқислиги бўлгани каби, безгак, ич кетиш ва нафас йўллари касалликлари каби юқумли касалликлар олдида заифлилик натижасида вафот этмоқда. Сайёрамизда ҳароратларни ошиши ва кўпгина тропик ривожланаётган, озиқ-овқат билан таъминланганлик шундоқ ҳам қийин бўлган минтақаларда ёғингарчиликлар ёғиши режимининг тобора ўзгариши натижасида олинадиган ҳосилларнинг янада камайиши кутилмоқда. Ҳавонинг ифлосланиши соғлиқ учун атрофмуҳит билан боғлиқ бўлган асосий хавф-хатарлардан бири ҳисобланади. Озон ва қаттиқ моддалар ҳам инсон соғлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши жаҳон аҳлини безовталантирмоқда.

Ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш йўли билан биз нафас йўллари инфекциялари, юрак ва ўпка саратони касалликлари ва улар оқибатида келиб чиққан касалликларнинг зарарини камайишига ёрдам беришимиз мумкин. Шаҳардаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси қанчалик паст бўлса, аҳолининг нафас йўли (узоқ муддатли бўлгани каби, қисқа муддатли истиқболда ҳам) ва юрак-томир касалликларига чалиниши шунча кам бўлади. Урбанизация жараёнида катта шаҳарларда истиқомат қиладиган аҳоли хонадонлари ичидаги ҳавонинг ифлосланиши, асосан ривожланаётган мамлакатларда тахминан 2 миллион барвақт ўлим ҳолатларига олиб келмоқда. Ушбу ўлим ҳолатларининг деярли ярми беш ёшгача бўлган болалар орасида зотилжам касаллиги натижасида содир бўлади. Шаҳарлардаги атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳар йили дунёда 1,3 миллион ўлим ҳолатларига олиб келди. Иқлим билан боғлиқ нафас олиш органи касалликлари сонини қисқартириш мақсадида, биринчи навбатда, атмосфера ҳавосининг зарарланиш ҳолатини камайтириш, иқлимга боғлиқ бўлган ходисалар тўғрисида олдиндан маълумотлар бериш ва буларга соғлиқни сақлаш тизимининг тайёр туриши лозим. Бунда, Бутунжахон соғлиқни сақлаш тавсияларига асосланган атмосфера ҳавосининг сифатига қўйилган стандартларга амал қилиш катта аҳамиятга эгадир.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг