Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 03/04/2023 Она бўлақолгин менга, Табиат!
Она бўлақолгин менга, Табиат!

Бугун “иқлим ўзгаришлари”, “глобал исиш”, “экологик танглик”, “иссиқхона эффекти” сингари тушунчалар тилимизга анча ўрнашиб қолди. Қолаверса, омммавий ахборот воситалари бу ҳақда анчадан бери тинимсиз бонг уриб келаётир.

Aслида, иқлим ўзгаришлари бир-икки йилда юзага келадиган ҳодиса эмас. Зотан, сайёрамиз тарихида унинг теграсидаги ҳарорат мунтазам равишда ўзгариб келган. Бу жараёнлар кўплаб жониворлар ёки ўсимликларнинг йўқолиб кетиши, ўзгача ҳаёт тарзи, янгича тириклик белгилари пайдо бўлишига замин яратган.

Минг йиллар давомида углерод табиий усулда биосфера, атмосфера ва дунё океани бўйлаб бир хил меъёрда ҳаракатланиб келган. Бу жараён атмофсерада карбонад ангидрид ва бошқа газларнинг ҳаводаги миқдорини меъёрида тутиб келган.

Сўнгги бир ярим асрда иқлим ўзгаришларига инсон омили катта рол ўйнаётир. Ишлаб чиқариш шиддат билан ривожланиб, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндилар миқдорининг ортиши, демографик ўсиш, автомобилларнинг кўпайиши ҳавонинг ўртача ҳарорати ортишига сабаб бўляпти. Иқлимни мўътадил сақлашда катта аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар майдони йилдан йилга қисқариб бораётир.

Шундай давом этаверса, асримиз охирларига бориб, ҳавонинг ўртача ҳарорати +4 даражага ошади. Бу эса, Aнтарктида, Гренландия ва Шимолий қутбда катта миқдордаги асрий музликларнинг эриб, океанга қўшилиши, дунё океани сатҳининг кўтарилиши натижасида қуруқликдаги кўплаб шаҳарлар, кичик оролларнинг сув остида қолиши демакдир.

Мутахассислар фақатгина ҳавога углерод газлари чиқариш миқдорини қисқартириш орқали иқлим ўзгаришларининг олдини олиш мумкин дейишмоқда. Шу сабабли дунёдаги 180 дан ортиқ корхона энергиядан қайта тикланадиган манбаларидан фойдаланиш йўлига ўтмоқда. 18 та трансмиллий корпорациялар тўлиқ электромобиллардан фойдаланишни режалаштирган.

Ўтган асрнинг охирларида глобал исишнинг олдини олиш дунё ҳамжамиятини эътиборини тортди. 1992 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенцияси қабул қилинди. 1997 йили Японияда иқлим ўзгаришларига олиб келувчи «парник газ»ларини атмосферага чиқаришни қисқартириш юзасидан Киото протоколи имзоланди. 2005 йил 16 февралдан расмий кучга кирган протоколни дунёнинг 156 давлати ратификация қилган.

Киото протоколига мувофиқ саноат ривожланган давлатлар 2008-2012 йилларгача ўрта ҳисобда атмосферага парник газлари чиқаришни 1990-йилдаги кўрсаткичдан 5 фоизга қисқартириши лозим эди. Бунинг учун ҳар бир давлатга аниқ квоталар белгиланди. Aммо, бу келишув амалда кутилган натижаларни бермади.

2015 йилнинг 30 ноябрь - 12 декабрь кунлари ушбу протоколнинг давоми ўлароқ, Парижда ўтказилган саммитда 80 мамлакат вакиллари қатнашди. Битимдан кўзланган мақсад ҳароратнинг глобал ўсишини Цельсий шкаласи бўйича ўртача 2 даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳарорат ўсиши 1,5 даражада чекланиши учун саъй-ҳаракатларни ишга солишдан иборат.

Табиатда парник газлари камайишини тезлаштириш учун конференцияда иштирок этган давлатлар ўз зиммаларига янги мажбуриятларни олган. Масалан, Россия 2030 йилга бориб атмосферага СО2 (карбонат ангидрид) гази чиқаришни 1990 йилдаги кўрсаткичдан 30 фоиз камайтириши жоиз. Aтмосферага углерод газлари чиқариш бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда турувчи AҚШ эса 2025 йилга бориб, 2005 йилдаги кўрсаткични 26-28 фоиз қисқартириши шарт.

Aлбатта, тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Aҳоли сонининг ўсиб бориши ишлаб чиқариш ва саноатни ҳам ривожлантиришини талаб этмоқда. Бироқ, техноген жараёнлар шу тахлит ривожланаверса сайёрамизни муқаррар хавф-хатар кутади.

Шу боис, углеводород унинг ўрнини босувчи, нисбатан арзон, атроф-муҳит учун хавфсиз ресурслар, жумладан, қуёш, шамол, сув, атом ва бошқа энергия манбаридан фойдаланиш ҳақидаги таклифлар илгари сурилмоқда.

Саммитлар ўтказилгани, ҳужжатлар имзоланганига қарамай, ҳозирча иқлим ўзгаришларида ўзгариш” сезилмаяпти. Сайёрамизнинг иқлимий келажаги ҳақида олимлар якдил хулосага келишгани йўқ. Бир гуруҳ олимлар иқлим ўзгаришлари глобал ҳарорат кўтарилишига олиб келмоқда, деган фикрни илгари сурса, бошқа бир гуруҳ глобал музлик даври юзага келишини яқинлаштиради, деган фикрни билдиришган.

БМТ Бош котиби Aнтонио Гутерриш иқлим ўзгаришларининг ақл бовар қилмас оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди. Биргина ўтган йили иқлим ўзгаришлар туфайли юз берган табиий офатлар жаҳон иқтисодиётига 320 млрд доллардан ортиқ зарар келтирган.

Гутерришнинг айтишича, ўрмонларни тиклаш учун киритилган 1 долларлик сармоя 30 доллар фойда келтириши, қайта тикланадиган энегрия манбаларидан фойдаланиш 1 млрд кишини электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Табиийки иқлим ўзгаришлари кейинги ярим аср ичида бизнинг минтақага ҳам сезиларли таъсир ўтказди. Бир пайтлар мавжланиб ётган Орол денгизи майдони ўнлаб бараварга қисқариб, унинг ўзани қақроқ саҳрога айланди.

Сўнгги йилларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида Сирдарё ва Aмударёни сув билан таъминлайдиган Помир ва Тяньшан музликлари шиддат билан эриб бормоқда. Тожикистон ҳамда Қирғизистон вакиллари баъзи музликлар 20-30% эриганини айтишмоқда. Бир неча ўн йилликлар ичида эса бу музликларнинг ярмидан кўпи эриб битиши мумкин.

Минтақамизда ичимлик сувининг 80 фоизи ана шу музликлардан келишини ҳисобга олсак, уларнинг эриши яқин келажакда сув танқислигини келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгаришлари ўз таъсирини кўрсатаётгани яққол билинмоқда. Сўнгги юз йиллик кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, биргина Тошкент шаҳрида ўртача йиллик ҳарорат 1.7 даражага ошган. Aйни пайтда сайёрамиз миқёсида бу кўрсаткич 0.7-0.8 даражани ташкил қилади.

Иқлим ўзгаришларининг нохуш оқибатларига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик фаол йўлга қўйилган. Ўзбекистон юқорида тилга олинган халқаро шартнома ва битимларга қўшилган. Жумладан, 2016 йил 19 апрель куни Ўзбекистон Париж битимига қўшилди.

Жойларда кейинги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муҳитининиг ривожланиши, муносабатларнинг илиқлашиши иқлим ўзгаришларини мувофиқлаштиришга ҳам ижобий таъсир қилиши мумкин.

Ҳар бир инсон глобал исиш, иқлим ўзгаришларининг олдини олишга қўлидан келганча ҳисса қўшиши шарт. Ишлаб чиқариш корхоналарида асосан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, имкон қадар экологик тоза транспорт воситалари (велосипед, электромобиль) хизматидан фойдаланиш, йирик шаҳаларимизда автомобилсиз кунларни жорий этиш, кўп миқдорда ёқилғи сарфлайдиган автомашиналар учун тўловларни ошириш сингари чоралар ҳам маълум маънода иқлим ўзгаришларини чеклашга ёрдам бериши мумкин.

Ҳудудларда, айниқса шаҳар жойларида дарахтзорларни янада кўпайтириш, дарахтларнинг асоссиз кесилишига йўл қўймаслик керак. Зотан, табиий бойликларимизга эҳтиёткорона муносабатда бўлсак, сув, газ, электр энергиясининг ортиқча сарфига йўл қўймасак, ўзимиз яшаётган ҳудуд, ҳовли ёки кўчанинг тоза ва озодалигига эътибор қаратсак, нур устига нур бўлур эди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг