Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 15/12/2016 Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 13-декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йулдошев олиб борди.

Сенаторлар ўз ишини Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Хусусан, ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжатида асосий эътибор чуқур таркибий ислоҳотларга ва мухандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришга, шунингдек минтақаларнинг даромад базасини ошириш орқали бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат олиб боришга қаратилган.

Солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизга камайтиришни, солиқ маъмурчилигининг шаффофлигини таъминлаш орқали уни яхшилашни, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида асосий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг (фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча қиймат солиғи ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, ягона ижтимоий тўловнинг) ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Бунда мамлакат бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Унда бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорларини инфляция даражасидан ортиқ даражада ошириш орқали аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш назарда тутилади, бу эса аҳолининг харид қилиш имкониятларини оширишга кўмаклашади. 2017-йилги ижтимоий харажатлар давлат бюджети барча харажатларининг 59,7 фоизини ташкил этади.

2017-йилда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,2 фоиз миқдорида бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу тариқа у жорий йилга нисбатан 19,5 фоизга ошади, бу эса кейинчалик бюджетнинг даромад базаси ошишини таъминлайди.

Сенаторларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг 2017-йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари параметрлари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига, иқтисодиётни янада модернизациялаш ва диверсификациялаш ҳамда халқ фаровонлигини босқичма-босқич ошириш бўйича стратегик мақсадларга мос келади. Сенаторлар 2017-йилги бюджетномани қабул қилиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилдилар.

Шундан сўнг сенаторлар “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017-йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мақсади 2017-йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ижро этиш самарадорлигини таъминлашдан, шунингдек ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устуворликларини инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатлари нормаларини ҳукуматнинг Бюджетномасига мувофиқлаштиришдан иборат.

Қонун билан Солиқ кодексига ва бошқа қонунларга айрим тузатишлар киритилмоқда. Ушбу тузатишлар 2017-йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг тасдиқланган концепцияларини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини уларга мувофиқлаштиришга ва уларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга қаратилган. Сенаторлар таъкидлаганларидек, мазкур чора-тадбирлар тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳам қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар 2017-йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Таъкидланганидек, Дастурда саноатда (131,1 минг), хизматлар соҳасида (69,5 минг), қишлоқ хўжалигида (55,8 минг), қурилишда ва инфратузилма лойиҳаларида (88,9 минг), шунингдек бўш турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига (44 минг) янги иш ўринлари ташкил этиш орқали 389,3 минг кишини доимий иш ўринлари билан таъминлаш назарда тутилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасида 97,7 минг иш ўрни яратилади. Қишлоқ хўжалигида ва қурилишда йилига ўртача 199,1 минг киши мавсумий ҳамда вақтинчалик иш ўринлари билан таъминланади.

Бундан ташқари, аҳолининг ўзини иш билан таъминлашини рағбатлантириш ҳисобига 308,6 минг фуқарода, шу жумадан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида 272,7 минг кишида, ҳунармандчиликда ва оилавий тадбиркорликда 35,9 минг кишида даромад манбалари пайдо бўлади.

Дастурда демографик омилларни ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштиришнинг самарали шаклларини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар билан боғлиқ бўлган меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари назарда тутилган. Дастурни ишлаб чиқишда меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф баҳоланди. Бунда барча туманлар ва шаҳарлар учун 2017-йилда иш билан таъминлашга бўлган эҳтиёж, унинг тузилиши белгилаб олинди, харажатлар аниқланди, тасдиқланган дастурлар доирасида, шу жумладан кичик саноат зоналарини яратиш жараёнида иш ўринларини ташкил этиш ҳисобига бандлик йўналишлари алоҳида белгилаб олинди.

Дастурда 2017-йилда камида 508,8 минг нафарни ташкил этадиган ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаритилди. Мажлис чоғида таъкидланганидек, коллеж ва лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар кесимида махсус тадбирлар ишлаб чиқилади. Уларни амалга оширишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳокимликлар, корхоналар ҳамда ташкилотлар иштирок этади.

Сенаторлар қайд этганларидек, Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси ҳамда туман ва шаҳарлар кесимида меҳнат бозоридаги вазият ва аҳоли бандлиги мониторинги натижалари 2017-йилда Олий Мажлис палаталарининг, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида, вазирликлар ва идораларнинг махсус кенгашларида мунтазам кўриб борилади ҳамда уларнинг натижалари бўйича барча даражадаги ҳокимликларга ва хўжалик бошқаруви органларига Дастур рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш учун таклифлар ҳамда топшириқлар юборилади. Дастур ижро этилиши устидан тизимли парламент назорати ўрнатилади.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Таъкидлаганидек, ушбу норматив-ҳуқувий ҳужжат коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган.

Ҳуқуқий ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган, ваколатли органлар тизими келтирилмоқда, ушбу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгилаб берилмоқда ҳамда очиб берилмоқда, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти акс эттирилмоқда.

Коррупцияга қарши курашувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларни ташкил этиш ҳамда унинг таркибига жамоат бирлашмаларининг вакилларини, тадбиркорларни ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилмоқда.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат хусусий мулкни ғайриқонуний тажовузлардан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ҳимоялашга қаратилган. Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши ишчанлик фаолиятини ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга, шунингдек фуқаролар ҳуқуқларини ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Сенаторлар “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар томонидан маъмурий қамоқни ўташ принциплари ва тартибини мустаҳкамлаб қўйишдан иборат. Қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, шунингдек уларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлаш, уларни моддий-маиший ва тиббий таъминлаш тартиби белгиланмоқда. Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларининг асосий ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун сарфланадиган харажатларни ундириш ва уларни меҳнатга жалб қилиш тартиби белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга Қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, махсус қабулхона ходимларининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилганда, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилганда уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш шартлари назарда тутилмоқда.

Сенаторлар қайд этганларидек, Қонуннинг қабул қилиниши қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқни ўташда қонун ҳужжатлари талабларини ижро этишнинг ягона амалиётини таъминлашга, ушбу соҳада ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ва мазкур органлар ходимларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, ушбу Қонун хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлашнинг ишончли ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш, кичик ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги ролини ошириш, ишчанлик муҳитини янада яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш ва уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини кескин камайтириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик ривожланишига тўсқинлик қилувчи барча ғовлар ҳамда чекловларни бартараф этиш Қонуннинг асосий мақсадидир.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янада эркинлаштирилишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқдан маҳрум этиш тарзидаги жазо тайинланмаслигини назарда тутувчи норма киритилмоқда, бундан одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳоллар мустасно.

Маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиш, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта жиноят содир этган тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ходимларига, агар улар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлсалар, жарималар ҳамда молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланмаслиги назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, Қонунда ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларни, агар улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва рухсат берувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган бўлсалар, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиш механизми жорий этилмоқда.

Шунингдек Қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан жиноят ишлари бўйича ҳам режадан ташқари текширишнинг, шунингдек қарши текширишнинг барча турларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган тузатишлар терговдан олдинги текширувлар вақтида ва қўзғатилган жиноий ишлар бўйича тафтишлар тайинланишини ҳамда ўтказилишини процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишни назарда тутади, шу жумладан тафтиш тайинлаш учун асосларни, тафтишларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари тафтишларини ўтказиш муддатлари ва шартларини, текширилаётган субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек тафтиш ўтказувчи шахсларни белгилаб беради.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим омил бўлади, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида мавжуд бўлган маъмурий ва сунъий тўсиқларни қатъийлик билан бартараф этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар 1992-йил 8-январь куни “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинганлигини қайд этдилар. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида катта ишлар амалга оширилган.

8-январни – Прокуратура органлари ходимлари куни деб белгилаш уларнинг мақомини, прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, уларни ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришга рағбатлантиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Жаҳон миқёсида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш масалаларида парламент ролини янада кучайтириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, жаҳон майдонида мамлакатимиз нуфузини ошириш, шунингдек ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш мақсадида сенаторлар томонидан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш, унинг зиммасига ушбу соҳадаги фаолиятнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этиш, дастурлар ва иш режалари ижро этилишини назорат қилиш вазифаларини юклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Хусусан, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг, дастурлар ва режаларнинг марказда ва жойларда рўёбга чиқарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек ушбу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини илгари суриш каби вазифалар мазкур қўмитанинг зиммасига юклатилди.

Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенат аъзолари С.Сафоевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари этиб сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонунга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, шунингдек саноат хавфсизлиги ва радиациявий хавфсизлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижроси тўғрисида “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси бошлиғи

Б. Гулямовга юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқдилар ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х.Мирзахидовга “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисида парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Қувайт Давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сенат ялпи мажлиси давомида демократик янгиланишларни, бозор ислоҳотларини босқичма-босқич чуқурлаштиришга, давлат бошқаруви соҳасида парламент ҳамда жамоат назоратини кучайтиришга қаратилган 15 та масала, шу жумладан 5 та қонун кўриб чиқилди. Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорлар фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли кафолатлатларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, мамлакатда барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг