Олий Мажлис Сенати ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мамлакатимизда демографик ўсишнинг ижобий имкониятлари, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш ҳамда давлатимиз ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, аёллар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг иш ва оилавий масъулиятларини мувозанатли олиб бориш бўйича халқаро тажриба ва илғор амалиётларни ўрганиш зарурати алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, гендер тенглик масаласида фақат статистик кўрсаткичлар эмас, балки амалий ўзгаришлар муҳимлиги қайд этилди. Бу борада аёллар ва қизларнинг салоҳиятини кенг қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда малака ошириш учун ўқув дастурларини йўлга қўйиш масаласида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Нигина Абасзаде ўз навбатида Ўзбекистонда қизлар учун таълим имкониятларининг кенгайиб бораётгани ва бу келажак учун энг тўғри инвестиция эканлигини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, рақамли зўравонликка қарши қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, онлайн зўравонликка қарши аниқ ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.