Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 13/12/2023 Обод манзиллар яна биттага кўпайди
Обод манзиллар яна биттага кўпайди

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари ҳамда тегишли вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи бошчилигида мамлакатимизнинг энг олис ва чекка ҳудудларининг 70 та маҳалласида «Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла» мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Ана шундай манзиллардан бири Сурхондарё вилоятининг олис, тоғли манзили Бойсун туманидаги «Дуоба» маҳалласида янгидан қад ростлаган мактаб, поликлиника ва маҳалла идораси бинолари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги байрами арафасида ана шу манзилларда қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз якунига етказилди ва фойдаланишга топширилди. 

Ўзгариш-у янгиланишларнинг гувоҳи, иштирокчиси ва энг муҳими ундан баҳраманд бўлаётган қишлоқ аҳли учун бу кун байрам кўринишини олди. Узоқ йиллар давомида кутилган эътибор ва қисқа муддат ичида рўй берган ободлик тўй-у тантана билан қаршиланди. 

Санъатга ихлосманд Бойсун эли бугун номоддий маданий мероси, қадимий удум ва анъаналари,

шонли тарихи билан келажакка юз тутмоқда. Пурвиқор тоғлар қўйнидаги «Дуоба» маҳалласи воҳа марказидан қарийб 180 километр олисда жойлашган. Ҳудудда «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари жорий этилгач, аҳолининг бир умрлик орзуси ушалди. Ҳудудда қисқа фурсатда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, инфратузилмаси тубдан яхшиланди. Жумладан, 2,1 миллиард сўм маблағ эвазига 180 ўринли мактаб, қиймати 1,9 миллиард сўмлик 50 қатновга мўлжалланган шифокорлик пункти барпо этилди. Шунингдек, маҳалланинг оғир аҳволдаги эски биноси 500 млн сўмга тубдан қайта таъмирланиб, бир йўла мўъжазгина кутубхона ва хотин-қизлар учун тикувчилик ўқув маркази ҳам ташкил этилди. 

Шу кунгача фақатгина юк машиналари ёки йўл танламас автоуловлар ҳаракатланиши мумкин бўлган ўнқир-чўнқир тоғ йўли текисланиб, 7 та сел-сув тошқинлари зарар етказган йўллар бетонланди. Иккита трансформатор пункти қурилиб, 1,6 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари тортилди. «Қайроқ» ва «Гуматак» қишлоқлари аҳолиси ичимлик суви билан таъминланди. 

Суюлтирилган газ баллонларини сақлаш ва аҳолига етказиб бериш учун сервис маркази қурилди. Спорт майдончаси, «Пастки Дуоба» қишлоғида эса 1 миллиард сўмга 80 ўринли мактаб филиали барпо этилди. Турли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат микромарказ қад ростлади. Янгидан бунёд этилган шифокорлик пунктига эса замонавий тез тиббий ёрдам машинаси топширилди. 

Тадбир асносида маҳаллада амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган бир гуруҳ фидойи инсонларга эҳтиром кўрсатилди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритишди.

Байрам кўринишини олган тадбирлар турли спорт мусобақалари ва қизиқарли концерт дастури билан янада янада файзли ўтди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг