Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 27/05/2022 «Ўзсувтаъминот» АЖ: «Сув таъминоти соҳасида кадрлар сиёсати: муаммо ва ечимлар»
«Ўзсувтаъминот» АЖ: «Сув таъминоти соҳасида кадрлар сиёсати: муаммо ва ечимлар»

Жорий йил 26 май куни пойтаҳтимиздаги «Wyndham Ташкент» меҳмонхонасининг мажлислар залида «Сув таъминоти соҳасида кадрлар сиёсати: муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

«Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан ташкил этилган тадбирда Жамият раҳбарияти ва мутасаддилари, халқаро молия институтлари вакиллари, маҳаллий олий таълим муассасалари ректорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Тадбирда мамлакатимизда сув таъминоти тизимида олиб борилаётган кадрлар сиёсатининг асосий йўналишлари, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар ва бу борада истиқболдаги режалар хусусида сўз борди. 

Қайд этилганидек, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотларида жами 22 617 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг касбий малакасини ошириш учун ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, юқори салоҳиятга эга кадрлар захирасини шакллантириш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш чораларини кўриш, меҳнат бозорини ўрганиш ва таҳлил қилиш соҳадаги кадрлар сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади. 

Соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳисобидан мамлакатимизда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини тубдан ошириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида қатор инновацион технологиялар, шу жумладан, SCADA ахборот йиғиш ва диспетчерлик назорат тизими, геоахборот тизими, янги биллинг тизими жорий қилинди. Бу эса, ўз навбатида, соҳа мутахассисларида янги технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг билим ва малакасини оширишни тақозо этмоқда. Шу боис, жорий йилнинг февраль-март ойларида ҳудудлар кесимида иқтисод, эксплуатация, техника хавфсизлиги бўйича 292 нафар мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Йил охиригача барча ҳудудий сув таъминоти ташкилотларининг яна 2 000 нафар ходимларини ўқитиш режалаштирилган. 

Шунингдек, март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Ўзсувтаъминот» АЖ тассаруфидаги ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг 32 нафар раҳбар ва ходимлари учун «Ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида замонавий бошқарув» мавзусида ўқув курслари ўтказилиб, тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди. 

Бундан ташқари, ҳудудий сув таъминоти корхоналари ахборот хизматлари раҳбарлари ва мутахассисларининг фаолият самарадорлигини ошириш, уларда ахборот етказишнинг замонавий усул ва воситаларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида 1-3 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ўқув семинарлари ташкил этилди. 

 Айни кунларда ҳудудий сув таъминоти ташкилотларида меҳнат қилаётган 660 нафар лаборатория ходимларини лавозимга лойиқлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Қолаверса, маҳаллий мутахассисларни дунё тажрибасида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан таништириш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Латвиянинг «CLEANTECH LATVIA», Корея Республикасининг «K-Water», Франциянинг «Suez» компаниялари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, сув таъминоти корхоналари ходимларининг ушбу давлатларга хизмат сафарлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан халқаро молия институтлари вакиллари сўнгги йилларда Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотларга қўл урилганини, уларнинг самарали ҳаётга татбиқ этилишида соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини таъкидлаб, уларнинг билим ва малакасини янада ошириш учун бундан кейин ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг