Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Молия 07/04/2022 Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация: кичик ва ўрта бизнес субъектларига хизмат кўрсатиш янги босқичда
Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация: кичик ва ўрта бизнес субъектларига хизмат кўрсатиш янги босқичда

Жорий йилнинг 7 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзсаноатқурилишбанк тизимида кичик ва ўрта бизнес йўналишида амалга оширилаётган трансформация жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда банк раҳбарияти, тегишли таркибий бўлинмалар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши. Сўнгги беш йилда ҳукуматимиз томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Ушбу меъёрий ҳужжатларга асосан, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари доирасида Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ҳам кўплаб тартиб-қоидалар соддалаштирилди, ҳужжатларни расмийлаштириш қисқартирилди, тадбиркорликка ҳар томонлама кенг имкониятлар яратилди. 

Халқаро молия корпорацияси тавсиялари асосида банкнинг бутунлай янги ташкилий тузилмаси жорий қилиниб, банк мижозлари 3 турдаги (корпоратив, кичик ва ўрта бизнес ҳамда чакана бизнес) сегментларга, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳам алоҳида субсегментларга (микро, кичик ва ўрта сегментлар) ажратилди.

Мижозларнинг банк маҳсулот ва хизматлари юзасидан фикр ва мулоҳазалари, муаммо ва таклифларини ўрганишлар натижасида шу йилнинг ўзида биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун 13 та кредит маҳсулоти, 2 та хизматлар пакети ҳамда касса ҳисоб амалиётлари учун 1 та маҳсулот амалиётга жорий этилди.

Анжуманда бу борада Банкнинг Бухоро минтақавий филиалида амалга ошрилган ишлар мисол тариқасида келтириб ўтилди. 

– Трансформация жараёнларининг сўнгги босқичидаги энг муҳим йўналиш – бу филиалларда хизмат кўрсатишни мижозга йўналтирилганлик тамойили асосида йўлга қўйиш, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Кичик ва ўрта бизнес департаменти бўлим бошлиғи Хабибулла Атаназаров. – Бухоро минтақавий филиалида мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича иш услуби ва бизнес модели бутунлай янгидан ташкил этилди. Мижозларга мижозбай хизмат кўрсатиш мақсадида бизнес менежер ва универсал сервис менежерларидан ташкил топган фронт офис ходимлари фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида банкимизда кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 2,6 баробарга, мижозлар сони 12 фоизга, масофавий банк хизмат турларидан фойдаланувчилар сони эса 115 фозга ўсди. 

Кредит олиш учун аризалар Банкнинг расмий веб сайти орқали онлайн тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилди. Мижозлар, шунингдек ўз аризалари ҳолатини онлайн кузатиб бориш, ҳисоб рақам очиш, корпоратив карта ва терминалларга буюртма бериш имконига эга бўлишди.

Анжуманда айни пайтда банк тизимида тадбиркорларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш ҳамда кредитлаш жараёнини автоматлаштириш мақсадида жорий этилаётган янги дастурлар, хусусан, масофавий хизматлар сонини ошириш мақсадида 71 та банк амалиётларини ўзида жамлаган “SQB Business” дастури ишга туширилмоқда.

Мижозларга банкнинг исталган тармоғидан хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида ягона МФО тизимини жорий қилиш ишлари фаол давом эттирилмоқда. Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги барча филиаллар ҳамда Тошкент шаҳридаги Юнусобод филиали ушбу тизимга муваффақиятли ўтказилди.

Банк тизимида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида QR-Online контактсиз тўлов тизими жорий этилди. 

Бундан ташқари, айни пайтда “Tap to Phone” модули орқали тўловларни қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Тадбирда янги NFC тизимида ишловчи мазкур дастур банк савдо терминалларидан фойдаланувчи тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиши таъкидланди.

Мижозлар тўғрисидаги барча маълумотларни бир базада шакллантириб бориш ҳамда банк хизматлари ва маҳсулотларини уларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда таклиф этиш мақсадида CRM тизими йўлга қўйилмоқда.

Банк амалиётлари, хусусан, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ 600 дан ортиқ бизнес жараёнлар “Visio” дастурида шакллантирилди. Банкнинг малакали ходимлари томонидан 350 дан ортиқ бизнес жараёнларни оптималлаштириш ҳисобига яратилган мазкур база муассасага энди ишга қабул қилинган ва бошқа лавозимга ўтказилган мутахассислар учун техник ўқув қўлланма сифатида асқотмоқда.

Реклама хукуки асосида

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг