Биз қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити – шаҳримизни ва унинг иқтисодиётини жадал ва барқарор ривожлантиришнинг муҳим гарови эканига қатъий ишонамиз. Хусусий мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини ва кафолатларини таъминлаш, барча тўсиқлар ва чекловларга барҳам бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида тўла эркинлик бериш, “Одамлар бой бўлса – давлат бой бўлади” тамойилининг ижросини амалда таъминлаш – иқтисодий ва социал сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига айланмоғи даркор.
Бизнинг идеалимиз – тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган солиқ ва молия-банк сиёсатини янада такомиллаштириш. Бизнинг устувор вазифамиз – иқтисодиёт ва хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юкламаларини пасайтиришга оид курсни давом эттириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг замонавий услубларини жорий этиш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъект¬ларга “солиқ таътили” тақдим этилишига кўмаклашиш.
Биз учун устувор масала – аҳоли турмуш даражасининг юксалиши ва яхшиланишига, ҳудудларни жадал ва комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган иқтисодиёт тармоқларини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни барқарор ривожлантириш орқали шаҳар ва туман бюджетларининг даромад қисмини кенгайтириш.
Биз ишонамизки, банклар корхоналар ва тадбиркорларнинг ривожланишидан манфаатдор чин ҳамкорларига айланиши даркор. Биз учун муҳим устувор вазифа – аҳолининг банкларга ишончини ошириш, омонатларни ва омонатларнинг инвестицияга айланишини рағбатлантириш, тижорат банкларининг инвестициявий имкониятларини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашини кенгайтириш. Биз пойтахтимизда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли кенг қатламларига мўлжалланган имтиёзли кредитлардан кенг фойдаланишни таъминлашга доир тадбирларни қатъий депутатлик назоратига оламиз.
ЎзЛиДеП банклар билан бир қаторда бозор инфратузилмаларининг бошқа институтлари ҳам тезкор ривожланмоғи даркор, деб ҳисоблайди. Булар – хизмат кўрсатишнинг янги турларини жорий этиш ва сифатини ошириш орқали консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг, суғурта сингари молия хизматлари, шунингдек, капитални ва корхоналар, молия институтлари ҳамда аҳолининг бўш турган ресурсларини жалб этишнинг муқобил манбаси сифатида фонд бозорларидир.
Биз янгиланаётган Тошкентнинг замонавий марказига айланиб, замонавий бизнес, молия ва шаҳар сайёҳлик инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлашга хизмат қиладиган “Tashkent city” халқаро бизнес марказини барпо этиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этамиз.
Биз сизлар билан биргаликда шаҳримизнинг янги қиёфасини яратамиз деб ишонамиз.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар Ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!
Тадбиркорликни ривожлантириш жамиятимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимизнинг энг муҳим кафолатидир! ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши.