Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 09/11/2016 “Ўзэкспомарказ”да Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бошланди
“Ўзэкспомарказ”да Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ярмаркада мамлакатимизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компаниялари иштирок этмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016-йил 1-июндаги Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниялари, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси ва «Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган мазкур ярмаркада мамлакатимизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компаниялари иштирок этмоқда.

Форумда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби ўттиздан зиёд мамлакат қайта ишлаш ва савдо компаниялари, савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари вакиллари ҳам қатнашмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Биринчи Президентимизнинг 2006-йил 11-январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш ва фермерлик ҳаракатининг янада ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Натижада интенсив технологиялар мунтазам жорий қилиниб, сифатли ва мўл ҳосил етиштирилмоқда.

Истиқлолгача республикамизнинг дон, картошка, гўшт, сут ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланар эди. Соҳага қаратилаётган эътибор самарасида эндиликда халқимизнинг кундалик истеъмол товарларига талаби мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан тўлиқ таъминланмоқда.

Халқаро мутахассисларнинг эътирофича, юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари сархиллиги, хуштаъмлиги, энг асосийси, фойдали ва тўйимлилиги билан минтақа ва жаҳон бозорида жуда харидоргир. Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек заминида етиштириладиган мева ва сабзавотлар юқори нуфузга эга бўлган товар белгисига айланиб, бу маҳсулотларни сотиб оладиган мамлакатларда улар юксак рақобатбардошлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан биридир.

Жорий йилнинг 12-15-июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ҳам бунинг ёрқин исботидир. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси маълумотларига кўра, ярмарка якунлари бўйича қиймати 2 млрд. АҚШ долларидан зиёд мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 270 шартнома имзоланган. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавот, 25 фоизини узум, 20 фоизини мева, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилган.

– Серқуёш юртингизда етиштириладиган меваларни, айниқса, олмани яхши кўраман, – дейди "Jiujiu Silk" компанияси директори Жу Лие (Хитой). – Кўргазмада биз учун янгилик бўлган картошканинг янги навини кўрдик ҳамда турп сабзавоти ҳақида билиб олдик. Аслида ҳам Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар саломатлик учун ғоят муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги, юқори сифати, экологик тоза ва хавфсизлиги, рақобатбардошлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради.

– Ўзбекистонда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотчилик ҳам изчил ривожланмоқда, – дейди Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Евгений Громико. – Мамлакатингизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш жараёнининг барча босқичи замонавий талаблар асосида, хавфсиз технологиялар воситасида амалга оширилади. Шу боис мева-сабзавот маҳсулотлари сотиб олиш ҳажмини янада ошириш, узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Икки давлат ўртасида савдо ҳажми йил сайин ортмоқда. Мазкур ярмарка мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини бермоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2016-йил 12-апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантиришда дастуриламал бўлмоқда.

Унга кўра, халқимиз дастурхони тўкинчилигини янада тўлароқ таъминлаш мақсадида истиқболда озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. 170 минг 500 гектар суғориладиган ерларга дон ва дуккакли дон, сабзавот, картошка, мойли ва озуқа экинлари, бошқа ўсимликлар экилади, боғ ва узумзорлар барпо этилади.

– Дунёнинг ривожланган мамлакатларида органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш ва унга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рафиқ Ҳакимов. – Ўзбекистонда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятини экологик тоза, ҳозирги дунё ҳамжамияти томонидан органик деб номланаётган маҳсулотлар ташкил қилади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилинганда одамларнинг ўртача умрининг ортиши, аҳоли орасида ҳар хил касалликлар тарқалишининг олди олиниши, болалар ўлимининг камайиши ва бошқа муҳим ижобий кўрсаткичларга эришилади.

Халқаро форум озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид бўлимлар ишлаб турибди.

Ярмарка доирасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва уларнинг ҳамкорлари иштирокида давра суҳбатлари, музокаралар ташкил этилиши, ярмарка қатнашчиларининг интенсив боғларга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга, совутиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг