Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 27/02/2024 «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди
«Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди

Жорий йил 27 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.
Мазкур йиғилишда Адлия вазири ўринбосари А. Каримов томонидан Қонун лойиҳаси юзасидан депутатларга батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, дастлабки ўрганишларга кўра, ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи турли сабабларга кўра охирига етказилмаган 3,8 млн.дан ортиқ 493 минг. гектар ер участкалари мавжуд.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликда ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжуд эмас.
Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш, кўчмас мулк объектларини тўлиқ давлат рўйхатига олинишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги» Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан ҳуқуқларни эътироф этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда:
1) Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича бирламчи маълумотларни киритади
2) ваколатли давлат органлари ҳар бир ер участкаси бўйича
ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади;
3) Автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган
ер участкасининг электрон йиғмажилдига оид маълумотлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар бурчагида, Кадастр агентлигининг веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади.
Жисмоний ва юридик шахслар ваколатли органларнинг хулосалари бўйича шикоят қилиши мумкин.
4) тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали ҳудудий адлия органлари томонидан кўриб чиқилади;
5) ижобий хулоса берилган шахсларга СМС-хабарнома юборилади (фуқаро ариза бериши талаб этилмайди);
6) хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширган шахсларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).
Шу билан бирга, Қонун лойиҳасида ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари, ерларнинг тоифаларини ўзгартириш, ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этиш ва бошқа бир қатор масалалар назарда тутилган.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий (прописка, моддий ёрдам, мактаб, боғча) ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича юзага келаётган муаммоларининг ҳал этилишига имкон беради.

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг