Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Болшая Полянкадаги воқеада ходимлари иштирокини рад этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Москвадаги бир фуқаронинг калтакланиши билан боғлиқ ҳолатга ўз ходимларининг алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Дипломатик ваколатхона хабарига кўра, 2025 йил 31 август куни Болшая Полянка кўчаси, 28-уй манзилида содир бўлган воқеа ҳақида айрим телеграм-каналларда тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Эълон қилинган фотосуратлардаги автомашина ва шахслар Ўзбекистон элчихонасига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Машинадаги дипломатик рақам бошқа давлатнинг ваколатхонасига тегишли экани қайд этилди.
Элчихона таъкидлашича, Ўзбекистон дипломатик миссиясига бўлган масъулиятни асоссиз равишда юклашга қаратилган уринишлар мутлақо қабул қилиб бўлмайди.
Дипломатик ваколатхона жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чорлади.