Ўзбекистоннинг Латвиядаги туризм бренди элчиси тайинланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси ва Ўзбекистон Республикасининг Рига шаҳридаги элчихонаси кўмагида Латвиянинг етакчи сайёҳлик агентликлари ва компаниялари вакиллари иштирокига мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашчиларига давлатимиз раҳбарининг “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” ташаббуси ҳамда Бухоро, Тошкент, Хива каби шаҳарларимизнинг тарихий-маданий мероси тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон ва Латвия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай тадбирлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқларимиз ўртасида ўзаро қизиқишни оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Латвиялик сайёҳлик операторлари Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Латвиядаги туризм бренди элчиси этиб тайинланган Владимир Корягинга махсус сертификат топширилди.
Учрашув якунида сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш, шу жумладан яқин вақт ичида Болтиқбўйи мамлакатларининг туристик компаниялари вакиллари учун Ўзбекистонга инфо-тур ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.