Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 17/01/2023 Ўзбекистоннинг энг саноатлашган туманлари аниқланди
Ўзбекистоннинг энг саноатлашган туманлари аниқланди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ҳудудлар бўйича саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражасини баҳолади.

Тадқиқотда мамлакатдаги ҳудудий номутаносибликлар туманлар бўйича баҳоланди ва бунда қиёсий таҳлил ва гуруҳлаш усулларидан фойдаланилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш даражаси бўйича республика ҳудудлари 4 гуруҳга ажратилди:

I гуруҳ саноати нисбатан ривожланган туманлар (аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажми республика даражасидан юқори – 2021- йилда 12,9

млн. сўм) - ҳудудида асосий йирик саноат объектлари (асосан ёқилғи-энергетика, кимё комплекси, машинасозлик, металлургия) жойлашганлиги билан ажралиб турадиган 16 та туманни ўз ичига олди.

II гуруҳга саноатнинг ривожланиш даражаси ўртача (аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажми республика кўрсаткичидан 5 бараваргача кам) бўлган 101 та туман киритилди. Улар республикадаги туманларнинг 62,3% ини ташкил этади. Бу ҳудудлар истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга (енгил, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари) ихтисослашгани, ривожланган ёки ривожланаётган кичик бизнес субъектлари билан ажралиб туради. Уларнинг асосий қисми Қорақалпоғистон Республикаси (11 та), Андижон (11 та), Бухоро (9 та), Навоий (7 та), Наманган (8 та), Тошкент (10 та) вилоятларида жойлашган. 

III гуруҳ саноатнинг ривожланиш даражаси нисбатан паст ҳудудлар (аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажми республика кўрсаткичидан 10 бараваргача кам) бўлиб, 37 та туманни ўз ичига олади. Бундай туманлар ресурслар билан таъминланган Қашқадарё (5 та), Самарқанд (5 та), Сурхондарё (5 та), Фарғона (4 та) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (4 та) жойлашган бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги иштирокини максимал даражада ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

IV гуруҳга (аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажми республика кўрсаткичининг 10 бараваридан кам) марказдан узоқда ёки тоғолди зонасида жойлашган 8 та туман (Бахмал, Янгиқўрғон, Қўшработ, Олтинсой, Денов, Бойсун, Сўх) киради. Бу ҳудудлар саноати асосан ижтимоий аҳамиятга молик товарларни ишлаб чиқариш ҳисобига шаклланган бўлиб, уни янада ривожлантириш учун тадбиркорлик ва инвестиция фаолиятини фаоллаштириш, қулай муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш зарур.

Умуман олганда, 2018-2021 йилларда саноатнинг ўртача ривожланиш даражасига эга бўлган туманлар сони 83 тадан 101 тага ортиб, ривожланиш даражаси пастлари 46 тадан 37 тага ҳамда қониқарсиз кўрсаткичларга эга бўлганлари сони 14 тадан 8 тага камайди. Бу ҳолатни маҳаллий салоҳият ва ресурслардан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларда тадбиркорлик ва инвестицион фаоллик ортишининг самараси сифатида изоҳлаш мумкин.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳудудларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражасини аниқлаш уларда саноат тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради. Масалан, I гуруҳ туманларида ҳудудий-ишлаб чиқариш кластерларини яратиш, II гуруҳда иқтисодий ўсиш драйверларини фаоллаштириш, III ва IV гуруҳларда ривожланган ва ўрта даражада ривожланган ҳудудларнинг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ҳудудлараро лойиҳаларни ташкил этиш имкониятлари мавжуд.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг