Ўзбекистоннинг биринчи элчиси Лихтенштейн Валиаҳд шаҳзодасига ишонч ёрлиқларини топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Лихтенштейн Князлигидаги биринчи элчиси (қароргоҳи Берлин шаҳрида жойлашган) этиб тайинланган Дилшод Ахатов ушбу мамлакат Валиаҳд шаҳзодаси Алоизга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Лихтенштейн Валиаҳд шаҳзодаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва икки давлат ўртасидаги кузатилаётган ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.
У тарихда илк бор мазкур мамлакатда Ўзбекистон элчисининг тайинланганини алоҳида эътироф этди.
Лихтенштейн ва Ўзбекистон ўртасида 2024 йил март ойида ўрнатилган дипломатик алоқалар ҳамкорликни тизимли равишда давом эттиришга муҳим пойдевор бўлгани, Вадуцнинг Тошкент билан муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори экани таъкидланди.
Учрашув якунида шаҳзода Алоиз Ўзбекистон Президентига эзгу-тилаклари ва самимий саломларини йўллади ҳамда мамлакатимиз халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Лихтенштейн Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар, атроф-муҳит ва маданият вазири Сабине Монауни билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида икки мамлакатнинг БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги конструктив мулоқоти юксак баҳоланди.
У Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган тинчликпарвар, очиқ, амалий ва фаол ташқи сиёсатни алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, давлатлар ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Хусусан, Сабине Монауни Халқаро валюта фондидаги Швейцария овоз бериш гуруҳи доирасидаги самарали ҳамкорликни юқори баҳолаб, Лихтенштейннинг 2024 йил октябрида мазкур гуруҳга аъзо бўлиши икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва молиявий соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Ахатов 2023 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчиси сифатида Германия Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Бугунги кунга қадар Дилшод Ахатов Ўзбекистоннинг Швейцария ва Чехиядаги ўриндошлик асосида элчиси ҳам ҳисобланади.