Ўзбекистонлик мактаб ўқувчиси “Билимлар музёрари” экспедициясида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Атом энергетикаси бўйича ахборот марказлари тармоғи томонидан «Росатом» давлат корпорацияси кўмагида ташкил этилган «Билимлар музёрари» халқаро Арктика экспедицияси муваффақиятли якунланди.
10 кун ичида 21 давлатдан, жумладан Ўзбекистондан, ташриф буюрган 66 нафар иқтидорли ўқувчи Шимолий Қутбга етиб бориб, экспедиция доирасида амалга оширилган жадал таълим дастурида ҳам фаол иштирок этди. Ўзбекистон учун бу экспедиция алоҳида аҳамият касб этди: мамлакатимиз номидан мактаб ўқувчиси Алина Чембаева иштирок этди. У тўрт минг нафар номзод орасидан муваффақиятли равишда саралаб олинди.
«Билимлар музёрари» илмий-маърифий лойиҳаси табиий фанлар ва атом технологияларини оммалаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини ривожлантириш ҳамда касб танлашга йўналтиришга қаратилган. Лойиҳанинг олти мавсуми давомида «Росатом»нинг Арктика экспедицияларида 400дан ортиқ иқтидорли мактаб ўқувчилари иштирок этди. Жорий йил экспедицияси Фан ва технологиялар ўн йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Шунингдек, у Россия атом саноатига 80 йиллиги ва Шимолий денгиз йўлини ўзлаштиришнинг 500 йиллигига бағишланди.
Экспедиция таълимий жиҳатдан ҳам ноёб лойиҳа бўлди. Музёрар кемада мактаб ўқувчилари ядро физикаси, композит материаллар, экология бўйича етакчи мутахассисларнинг маърузаларини тинглаш билан бирга, атом флоти фаолияти билан ҳам танишдилар.
«Бизнинг кундалик жадвалимиз қуйидагича эди: нонушта, 3-4 та маъруза, тушлик, яна 3-4 та маъруза, кечки овқат ва кечки дастур. Аммо мени энг ҳайратга солган нарса мутахассисларнинг бизга яқинлиги бўлди. Улар барча тадбирларда биз билан бирга бўлиб, суҳбатлашишга доим тайёр эдилар. Исталган пайтда яқинлашиб, ҳар қандай саволни бериш имконияти бор эди. Масалан, биз музликлар олдига етиб борганимизда, музнинг чиройли, тўйинган кўк рангда эканлигини кўрдим. Аввал уни шаффоф бўлса керак, деб ўйлагандим. Шунда мен сувшунос олимнинг олдига бордим ва “Нега муз кўк рангда?” деб сўраганимда, у бу ҳақда батафсил тушунтириб берди», - деди Алина Чембаева.
Бундай таълим муҳитида ўқувчиларнинг жаҳон даражасидаги олим ва муҳандислар билан тўғридан-тўғри мулоқоти ёшлар келажаги учун бебаҳо тажриба ҳисобланади.
Маданий алмашинув эса тўлиқ жонли мулоқот шаклида амалга оширилди. Алина ўз ватанини таништиришга алоҳида эътибор қаратди. У турли давлатлардан келган қатнашчилар билан бўлиб ўтган норасмий суҳбатлар давомида Самарқанд ва Бухоро ҳақида сўзлаб берди ҳамда уларни Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.
Кўпчилик учун мазкур экспедиция келажакдаги касб танловида муҳим қадам бўлди. Кимдир ўзини илм-фан соҳасига бағишлашга қарор қилса, яна кимдир муҳандислик соҳасини танлади. Алина учун эса ушбу саёҳат оммавий алоқалар соҳасига бўлган қизиқишини яна бир бор тасдиқлади.
Лойиҳада иштирок этишни истаганлар учун Алина шундай маслаҳат беради:
«Бундай лойиҳаларда иштирок этиш учун ариза топширишдан қўрқманг. Агар рад этишса, сиз ҳеч нарса йўқотмайсиз. Бор кучингизни сарфланг, чунки бу каби имконият ҳаётда фақат бир марта берилади. Агар уни қўлдан бой берсангиз ва етарлича ҳаракат қилмасангиз, кейинчалик қўлингиздан келган барча ишни қилмаганингиздан қаттиқ афсусланишингиз мумкин. Ҳаммаси ўз қўлингизда», - деди Алина.
Бугунги кунда «Билимлар музёрари» нафақат илмий-маърифий дастур, балки ёшлар ўртасида халқаро мулоқот платформаси сифатида ҳам қабул қилинмоқда.
«Икки йилдан бери биз Арктикани фақат россиялик болалари учун эмас, балки дунёнинг турли давлатларидан келган ўқувчилар учун ҳам очиб келмоқдамиз. Экспедиция иштирокчиларига Шимолий Қутбни ва оқ айиқларни кўрсатишга муваффақ бўлганимиздан экипажимиз жуда мамнун. “Билимлар музёрари”нинг аҳамиятини болаларнинг юзларидаги ҳис-туйғуларни кўрмагунча тўлиқ англаб бўлмайди», - деди «Ғалабанинг 50 йиллиги» атом музёрар кемаси капитани Руслан Сасов.
Ўзбекистон илк бор 2024 йилда «Билимлар музёрари» Арктика экспедициясида иштирок этди. Ўша йили "ММФИ" МТЯУ Тошкент филиали битирувчиси Шаҳзода Ёқубова сафарга жўнаб, лойиҳада эксперт ва илм-фан тарғиботчиси сифатида иштирок этди. Ёшлар учун бундай халқаро лойиҳаларда иштирок этиш нафақат фан ва таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки уларни фанга қизиқиш, янгилик яратиш ва дуне таълим муҳитига қўшилишга рағбатлантиради.