Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – “Навруз” айёми муносабати билан АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигида (Тампа шаҳри, Флорида штати) расмий вакил сифатида фаолият юритаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан хорижий ҳамкасбларига байрам тадбири ташкил этилди.
Ушбу тадбирда АҚШ Қуролли кучлари CENTCOM раҳбарияти ҳамда у ерда ҳамкорлик фаолиятини юритаётган 50 дан ортик давлат вакили қатнашди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан баҳорий таомлардан иборат ўзбекона байрам дастурхони ёзилиб тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Кўк сомасаю-чучваралар ҳамда ошни татиб кўрган меҳмонлар ўзбекона меҳмондарчилигу, миллий таомларимизга юқори баҳолар беришди.
Шунингдек, тадбир давомида “Янги Ўзбекистон” номли тарғибот презентацияни ҳам намойиш этилди.
Презентацияда ўзбек халқининг буюк мероси, тарихи, маданияти, урф-одатлари, тарихий обидалари, иқтисодиёти ва сиёсати, миллий армияси, Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод этган буюк сиймолари ва уларнинг дунё сивилизациасининг ривожига қўшган ҳиссаси, бугунги кундаги янги Ўзбекистонниниг барча соҳаларда эришаётган улкан ютуқлари ва бошқа жиҳатлари намойиш этилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” мавзусида намойиш этилган қисқа метражли ҳужжатли филм барчада катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг ушбу тадбирга тайёргарлиги ва иштирокига АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан юқори баҳо берилди ва ташаккур изҳор этилди.
Манба: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати