Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 21/07/2016 Ўзбекистон–Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
Ўзбекистон–Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 20-июль куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Франция ҳукуматлараро комиссиясининг олтинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, экспорт, нефть-газ, банк-молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, авиаташув, фармацевтика, юқори технологиялар, сайёҳлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидан. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, фан-техника, маданият ва ҳаво транспорти соҳаларида ҳамкорликка оид битимлар ўзаро алоқалар ривожига хизмат қилмоқда. Мамлакатларимиз макроиқтисодиёт, молия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бошқариш учун кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Юртимиз олимлари франциялик мутахассислар билан биргаликда қуёш энергиясини ўрганиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, селекция каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бормоқда, деб хабар беради ЎзА.

Савдо соҳасида Ўзбекистон билан Франция ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 2015 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 300 миллион доллардан ошди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ушбу кўрсаткич 150 миллион доллардан зиёдни ташкил қилди. Мамлакатимизда франциялик сармоядорлар иштирокида 15 корхона тузилган. Франциянинг 11 компанияси юртимизда ўз ваколатхонасини очган.

– Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор билан қарайди, – деди Франция Республикаси Ташқи ишлар ва халқаро ривожланиш вазирлигининг ташқи савдо, сайёҳликни ривожлантириш ва хориждаги француз фуқаролари масалалари бўйича давлат котиби, комиссия ҳамраиси Матиас Фекль. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бормоқда. Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистондан Францияга импорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 60 фоизга ошгани бу борадаги ҳамкорлигимиз изчил тараққий этаётганидан далолатдир. Франциялик ишбилармонларнинг ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик ўрнатишга, мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга бўлган қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, илм-фан, маданият ва сайёҳлик каби жабҳаларда улкан салоҳиятга эга мамлакат. Савдо, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, техника ва технологиялар йўналишларида узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларини ислоҳ қилиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, хусусий мулкнинг улушини ошириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади. Мамлакатларимиз сармоявий, молиявий-техникавий, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, транспорт ва логистика, фармацевтика, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Франция делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат самаралари, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ҳамда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг пухта ишлаб чиқилган механизми, индустриал зоналардаги кенг имкониятлар ва имтиёзлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Шу куни Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доираларининг давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, қўшма корхоналар сонини ва ўзаро савдодаги маҳсулотлар турини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Франциянинг иқтисодий салоҳияти, имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Франция ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ва бизнес маслаҳатлашувлари ўтказилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни Францияга экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси доирасида Ўзбекистонда асинхрон тортишли электр двигателлари ишлаб чиқариш, авиаташув ва фармацевтика соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Франция делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг