Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 01/11/2023 Ўзбекистондаги қайси шаҳарда яшаш қулайроқ?
Ўзбекистондаги қайси шаҳарда яшаш қулайроқ?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси шаҳарларининг яшаш учун қулайлик рейтинги тузилди.

Ёндашув. Шаҳарларда яшаш қулайлиги йиғма индекс асосида баҳоланиб, индекс миллий статистик кўрсаткичлар доирасида, Global Liveability рейтинги методологияси асосида ишлаб чиқилди. 

Маълумот учун: Economist Intelligence Unit нашри ҳар йили дунё шаҳарлари бўйича «Яшаш учун қулай шаҳарлар» (Global Liveability) рейтингини эълон қилади. 

Индексни шакллантиришда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларида жами 27 та миқдорий ҳамда сифат кўрсаткичидан фойдаланилди. 

Рейтинг республиканинг аҳолиси сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган 30 та шаҳри учун ишлаб чиқилди.

Натижалар. Натижаларга кўра, республикадаги яшаш учун энг қулай шаҳарларнинг кучли бешталигидан Тошкент (100 балли тизимда рейтинг бали 79,1), Урганч (76,0), Бухоро (75,4), Самарқанд (70,6) ва Навоий (68,1) шаҳарлари ўрин эгаллади. Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод (35,3), Хонобод (35,3), Янгиер (33,5), Оҳангарон (32,9) ҳамда Қувасой (26,4) шаҳарлари жой олди.

Рейтинг бўйича яшаш қулай бўлган шаҳарлар ўнталигидаги шаҳарларнинг барчаси вилоят марказларидир. Рейтинг поғоналари бўйича улардан кейинги ўринларни Қўқон (13-ўрин), Хива (14-ўрин) ва Чирчиқ (16-ўрин) каби шаҳарлар эгаллади.

Йўналишлар бўйича етакчи шаҳарлар:

Таълим ҳамда тиббиёт: Бухоро, Гулистон ва Урганч.

Инфратузилма: Урганч, Навоий ва Тошкент.

Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: Тошкент, Урганч ва Гулистон.

Маданият ва атроф-муҳит: Тошкент, Бухоро ва Самарқанд.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, рейтингни амалиётга жорий этиш натижасида республика шаҳарларининг умумий ҳолатини бир неча йўналишлар бўйича доимий мониторинг қилиб бориш имкони яратилади. Шунингдек, рейтингни такомиллаштириш доирасида ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд муаммоли соҳалар аниқланиб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлувчи омилларни камайтириш мумкин.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг