Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 28/07/2017 Ўзбекистонда замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда
Ўзбекистонда замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг маълумотига кўра, Ангрен эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар билан биргаликда «Great Wall Ceramics» ҚК томонидан қуввати йилига 3,5 млн. кв.м бўлган сопол плиткалар ишлаб чиқарувчи лойиҳа амалга оширилмоқда.

Корхонани ишга тушириш 2018 йил апрель ойига режалаштирилган. Натижада 100 га яқин янги иш ўринлари яратилиши, импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош, сифатли пардозбоп сопол плиткаларни ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Жиззах вилоятида, «Мега инвест» ҚК томонидан базальт толаси асосида замонавий энергиятежамкор арматура ва иссиқлик сақловчи материалларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Европа технологиясига асосланган, евростандарт талабларига жавоб берувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 52 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, бундан 15 млн. АҚШ доллари хорижий инвестицияни ташкил қилади.

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида қуввати йилига 2,1 млн.кв.м. бўлган керамик плиткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси Эроннинг “EMG” хорижий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Мазкур қувватларни ишга туширилиши 2017 йил тўртинчи чорагига режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 11,0 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, бундан 8,0 млн. АҚШ доллари хорижий инвестицияни ташкил қилади.

Ички эхтиёжни қондириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2615-сонли “2016-2020 йилларда қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ўз вақтида қабул қилинган бўлиб, унга кўра умумий қиймати 1,2 млрд. доллар бўлган жами 80 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган.

Қарорда, янги корхоналарни барпо этиш ва амалдагиларини модернизация қилиш, тайёр маҳсулот нархининг ва сарф-ҳаражатларнинг камайишини таъминлайдиган замонавий энергияни тежовчи технологияларни тадбиқ этиш ҳисобига сифатли деворбоп материалларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш белгиланган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг