Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 07/11/2017 Ўзбекистонда рангли металлни тўплаш ва қайта ишлаш билан фақат «Ўзиккиламчиранглиметалл» шуғулланади
Ўзбекистонда рангли металлни тўплаш ва қайта ишлаш билан фақат «Ўзиккиламчиранглиметалл» шуғулланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлашнинг ягона тизими тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, «Тошкент рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи» «Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи»га ўзгартирилди.

«Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига кириши белгиланди.

Қарор билан «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ нинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди:

• биринчи — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ва унинг ташқарисида «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖга рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тўплаш ва топшириш учун юридик шахслар билан шартномалар тузиш орқали рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш ҳамда топширувчилардан қабул қилиш бўйича самарали тизимни ташкил этиш;

• иккинчи — ишлаб чиқаришни янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш бўйича модернизациялаш ва диверсификациялаш, рангли металларни қайта ишлайдиган замонавий, энергия тежайдиган технологиялар ҳамда ускуналарни жорий этиш, шунингдек хомашё базасини кенгайтириш;

• учинчи — ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг экспорт ҳажмларини, жумладан янги бозорларни ўзлаштириш ҳисобидан ошириш, ташқи бозорлардаги позицияларни мустаҳкамлаш;

• тўртинчи — маҳсулот таннархини, хусусан, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш ва операция харажатларини мақбуллаштириш, товарлар ҳамда хизматлар импорти ҳажмларини қисқартириш ҳисобидан пасайтиришга доир аниқ мақсадли ишларни тизимли равишда амалга ошириш;

• бешинчи — ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнларига инновация ишланмаларини жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг янада яқин алоқасини таъминлаш;

• олтинчи — олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда илмий муассасалар билан кооперация алоқаларини кучайтириш орқали муҳандис-техник ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш.

Қарорга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рангли металл парчалари ва чиқиндиларини фақат «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ тайёрлайди.

«Ўзиккиламчиранглиметалл»га юридик ва жисмоний шахслар билан топширилган синиқ парчалар учун металл парчалари топширувчилар томонидан рангли металл парчалари ҳамда чиқиндилари топширилишини рағбатлантирувчи эркин (шартномавий) нархлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш ҳамда халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини сотиш рухсат берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда идоравий мансублигидан қатъи назар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, сақлаш, улардан фойдаланиш ҳамда «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖга топшириш бўйича шахсий жавобгарлик юкланди.

«Ўзиккиламчиранглиметалл»га таркибида рангли металлар бўлган, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар корхоналарда банкротлик жараёнларини ўтказиш, уларни тугатиш, реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш давомида ҳисобдан чиқариладиган жисмонан ва маънан эскирган ускуналар, барча турдаги электр двигателлар, трансформаторлар, автотранспорт воситалари, электрон ва маиший техникани таъмирлаш ҳамда уларга сервис хизматлари кўрсатадиган ташкилотларнинг хўжалик-ишлаб чиқариш фаолиятида ҳосил бўладиган рангли металл парчалари ва чиқиндиларини эркин (шартномавий) нархда мажбурий тартибда топширилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқариш-техник, маиший ва бошқа буюмлар парчалари ҳамда рангли металл чиқиндиларининг республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олиш бўйича доимий равишда тезкор тадбирлар ўтказилади, деб хабар беради «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг