Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 01/11/2016 Ўзбекистонда қиш-баҳор мавсуми учун 660 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилади
Ўзбекистонда қиш-баҳор мавсуми учун 660 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-2017 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 660 минг тонналик захирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. 175 минг тонна картошка, 139 минг тонна пиёз, 46 минг тонна бошқа сабзавотлар, 105,8 минг тонна мева шулар сирасидан. Бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқислиги ва нархлар ошишининг олдини олиш мақсадида совутгичли омборхоналарда керакли миқдорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари жамғарилди. Бунинг учун зарур бўлган 93 миллион сўмнинг 38,4 миллиони корхоналарнинг ўз маблағлари, қолган қисми тижорат банклари кредитлари эвазига молиялаштирилди. “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси бозорни сархил мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари, узум ва гуруч билан тўлдириш, муҳим озиқ-овқат товарлари захирасини ғамлаш чора-тадбирларини кўрмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси Зафар Файзиев ЎзА мухбирига хабар берди.

2011-2016 йилларда бу йўналишда қарийб 70 миллиард сўм йўналтирилиб, умумий сиғими 68 минг тоннага тенг бўлган элликдан зиёд совутгичли камералар фойдаланишга топширилди. Уюшма корхоналари ва шаҳарларда жамғарилган 330 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазкур омборларда сифатли сақланиб, қиш-баҳор ойларида ички бозорга пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Албатта, аҳоли ва харидорларга маҳсулотни сифатли етказиб бериш учун, энг аввало, ихтисослаштирилган ва мослаштирилган омборларга талаб ортиб бормоқда. Шу йилнинг ўтган даврида корхоналаримизда 4 минг тонналик совутгичли сиғим ишга туширилди. Натижада юртимизда фойдаланишга топширилган бундай объектларнинг умумий ҳажми 98,5 минг тоннага етади. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, 2016-2020 йилларда 325 минг тонналик совутгичли замонавий омборхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида махсус омборлар қурилиб, маҳсулотларни сақлаш технологияси такомиллаштирилаётгани сақланадиган мева-сабзавотлар тури ва ҳажми ошишида муҳим омил бўлмоқда. Тизимдаги корхоналар маҳсулотлар захирасини яратиш билан бирга, уни етиштириш билан ҳам шуғулланмоқда. Мисол учун, 1900 гектардан зиёд майдонда озиқ-овқат экинлари парваришланмоқда. Қашқадарё, Бухоро, Тошкент ва бошқа вилоятларда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиб, 122 гектар интенсив боғ яратилди. Андижон, Фарғона вилоятларида сутни қайта ишлаш, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ун, дуккакли дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, Самарқанд вилоятида ўсимлик ёғини қадоқлаш цехлари ишлаб турибди. 400 гектар майдонда қовуннинг тезпишар навлари етиштирилди.

Маҳсулотларнинг ички бозордан ортгани экспортга чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида карам, гилос, помидор, бодринг, сабзи, кўкат, қуритилган мева каби маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа давлатлардаги буюртмачиларга етказиб берилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари корхоналарининг улуши салмоқли бўлди.

Мутахассисларимиз юритаётган мониторинг натижаларига кўра, ташқи бозорда қуритилган мевалар, мева-сабзавотлар пюреси ва концентрати, консерва маҳсулотларига талаб нисбатан юқорилиги аниқланди. Шунга кўра 23 истиқболли лойиҳа тайёрланди. Ҳозир Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қиймати 8 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, меваларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналарини келтириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси зиммасига юклатилган муҳим вазифалардан яна бири олис, тоғли ҳудудлар аҳолисига зарур истеъмол товарларини узлуксиз етказиб беришдан иборатдир. Агар жорий йилнинг тўққиз ойида савдо корхоналари ва бошқа истеъмолчиларга 581,5 миллиард сўмлик ун, ўсимлик ёғи, шакар, гуруч етказиб берилган бўлса, шундан 123,3 миллиард сўмлиги узоқ, тоғли ҳудудлардаги истеъмолчиларга жўнатилди.

Аҳолига савдо хизмати кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш мақсадида тизимдаги чакана савдо тармоқлари кўпайтирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Термиз шаҳри, Денов ва Зомин туманларида йирик супермаркетлар ишга туширилгач, уюшма тизимида фаолият кўрсатаётган фирма дўкони, минимаркет ва супермаркетлар 5 мингдан ошди.

Кўрилаётган бундай чора-тадбирлар қиш мавсумида бозорларимизда ноз-неъматлар арзонлиги ва тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг